Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон чегарасидаги можарода 15 кишининг жабрлангани ҳақида маълум қилди

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги можаро. Turmush.kg сайти фотосурати

Қирғизистоннинг Чечме ва Ўзбекистоннинг Чашма қишлоқларининг аҳолиси ўртасида 31 май куни бўлиб ўтган можародан сўнг Қирғизистоннинг Баткен вилояти Қадамжой тумани Айдаркен шаҳри касалхонасига 15 нафар жабрланган одамлар келтирилди. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг Facebook ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Улардан тўрт нафари касалхонага ётқизилган, икки беморнинг аҳволи оғир дея баҳоланмоқда, икки нафар бошқасининг аҳволи эса нисбатан қониқарли. Қолган жабрланганларга биринчи медицина ёрдами кўрсатилиб, уй-уйларига жўнатиб юборилди.

Шифокорларга ёрдам учун Баткендан вилоят бўйича соғлиқни сақлаш координатори бошлиқ реаниматолог ва тарвматолог юборилди.

Ўзбекистон томонидан жабрланганлар сони бўйича фақат норасмий маълумотлар бор. Тожиктилли журналист Мирасрор Фарғоний тақдим этган маълумотларга кўра, Сўх тумани марказий касалхонасига 146 киши мурожаат қилган, улардан беш ёки олтитаси ўқотар қуроллардан яраланган.

Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълум қилишича, тунга бориб маҳаллий аҳоли вакиллари можаро жойини тарк этдилар, музокаралар 1 июнга кўчирилди, ҳозирча жанжал кучайиб кетмаслик учун хавфсизлик чораларини кучайтиришга қарор қилинди. “Икки қишлоқ аҳолиси ўртасида жамоатчилик тартибини сақлаш ҳамда чегараолди ҳамкорликни ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилмоқда”, — дейилади ҳукумат хабарномасида.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг матбуот хизмати икки мамлакат туманларининг маҳаллий ҳокимият вакиллари учрашганидан сўнг вазият назорат остига олинганини тасдиқлади.

Қирғизистоннинг Баткен вилоятидаги Чечме ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига қарашли Сўх тумани (Сўх анклави) аҳолиси ўртасидаги жанжал Чечме қишлоғидаги булоқ туфайли чиққан. Turmush.kg нашрининг хабар беришича, икки қишлоқ аҳолиси биргаликда булоқда тозалаш ишларини олиб бора туриб, булоқнинг қайси мамлакатга қарашли эканлиги борасида тортишув бошланиб кетган. Шундан сўнг даҳанаки жанг тошотарлик урушига айланиб кетган ва биноларга ўт қўйилган.

Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари Акрам Мадумаровнинг “Азаттиқ” радиосига маълум қилишича, булоқ жойлашган участка “тортишувли ҳисобланади” ва шу билан бирга, булоқдан икки мамлакат аҳолиси фойдаланади, шунинг учун ҳам бу ерда тез-тез жанжаллар чиқиб туради.

Қирғизистонликларнинг ўзбекистонлик ва тожикистонлик қўшнилари ўртасида чегараларнинг делимитация қилинмаган участкаларида сув, ер ва яйловлар туфайли чегараолди жанжаллари доим чиқиб турган. Масалан, жорий йилнинг май ойида Қирғизистон ва Тожикистон аҳолиси ўртасида Чек дея аталувчи жойдаги 50 сотих участка туфайли жанжал содир бўлди ва отишмагача етиб борди. Унда бир неча чегарачилар яраланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ