Россияда 1 августдан халқаро авиақатновлар тикланади. РБКга кўра, бу ҳақда мамлакат бош вазири Михаил Мишустин эълон қилган.
У айнан шу муддатдан бошлаб қайси мамлакатларга парвозлар тикланиши айтмаган (фақат бошқа мамлакатлардаги эпидемиологик вазият ва ўзаро келишувдан келиб чиқиб рейслар ташкил этилишини айтган).
Шунга қарамасдан, 24 июль куни бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова дастлаб учта мамлакат билан ҳаво алоқалари тикланишини айтиб ўтганди. Бу — Буюк Британия (Лондон), Туркия (Анқара Истанбул , 10 августдан – Анталья, Бодрум, Даламан), шунингдек Танзания (Занзибар) мамлакатларидир.
1 августдан Москва шаҳри ва Москва вилояти, Санкт-Петербург ва Ростова-на-Дону шаҳарларидан парвозлар амалга ошириланади.
Бундан олдин Роспотребнадзор авиаалоқалар ўрнатилиши мумкин давлатлар рўйхатини тузганини маълум қилганди. Булар — Буюк Британия, Венгрия, Германия, Дания, Италия, Нидерландия, Норвегия, Польша ва Финляндия, шунингдек Хитой, Вьетнам, Монголия ва Шри-Ланкадир. Ушбу мамлакатлардаги эпидемиологик вазият қониқарли деб топилган.
Шу билан бирга кўпгина мамлакатларга россияликларнинг ташриф буюриши ҳозирча чекланган. Айрим давлатларда ташриф буюрувчилар учун кескин чоралар кўрилган. Россия туроператорлар ассоциацияси июль ойи ўртасида Туркия, Куба, Доминика республикаси, Мексика, Мальдив, Хорватия, Миср ва БАА мамлакатларигина россияликларга нисбатан кескин карантин чораларини қўлламаслигини билдирган.
Россия ҳукумати коронавирус пандемияси туфайли март ойи охиридан халқаро авиарейсларни бекор қилганди. Кейинчалик тақиқ муддати бир неча бор кейинга сурилди.
РФ ҳукумати май ойи охирида касаллик тарқалишининг авж палласи ўтиб кетганини маълум қилди. Шундан бери баҳорда қабул қилинган карантин чоралари аст- секинлик билан бекор қилинмоқда.