Бугун, 10 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Хатлон вилоятида барпо этилган ижтимоий объектларнинг расман очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон томони Хатлон вилоятининг Кубодиён туманида тиббиёт мажмуасини қуриб қўшниларига совға қилди. Ушбу 250 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона йилига 75 минг нафар беморга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Мажмуада жарроҳлик, урология, кўз хасталиклари, интенсив даволаш ва реанимация, педиатрия, травматология, гинекология, ҳомиладорлик патологияси, туғруқдан кейинги тикланиш ва терапия бўлинмалари мавжуд. Мажмуа таркибидаги поликлиника бир сменада 300 нафар беморга хизмат қилишга мўлжалланган бўлиб, бу ерда йилига 219 мингдан ортиқ одам даволанади.
Тиббиёт мажмуаси қурилишининг асосий ҳомийси «Ўзбекнефтгаз» ташкилоти бўлиб, қурилиш ишлари 2021 йилнинг февраль ойида якунланди.
Тожикистон ўз навбатида Самарқанд вилоятининг Ургут туманида 640 нафар ўқувчига мўлжалланган умумтаълим мактабини барпо этди. Мактабнинг уч қаватли биносида 26 та синф, спорт зали, фаоллар зали, ошхона, кутубхона, меҳнат дарслари ва ихтисослаштирилган машғулотлар учун синфлар мавжуд. Ўқув маскани компьютер техникаси ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланган.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон рамзий тугмани босиб, тиббиёт мажмуаси ва мактаб фаолиятига старт берди.