Толиблар билан ҳамкорлик қилган журналистлар қўлга олинган

Афғонистон МХБ сайти фотосурати

26 июнда Қандаҳорда қўлга олинган тўрт нафар журналист «Толибон» жангарилари (Россия ва бир қатор мамлакатларда тақиқланган ташкилот) билан ҳамкорлик қилганликда айбланади. Бу ҳақда Афғонистон Миллий хавфсизлик бошқармаси (МХБ) маълум қилди, деб хабар беради Ariana News телеканали.

Журналистлар Бисмилла Ватандўст, Қудрат Султони, Моҳиб Обайди ва Санаулла Сиям ўзоқ вақт толиблар назоратида бўлган Қандаҳор провинциясининг Спин-Болдак қишлоғига ташриф буюришганидан сўнг ҳибсга олинган.

Ҳамкасбларнинг сўзларига кўра, улар бу ерга тинч аҳоли вакилларининг омавий ўлдирилгани ҳақидаги маълумотларни текшириш учун борганлар. Чунки, бунга қадар афғон ҳукумати мазкур қишлоқда толиблар юзга яқин тинч аҳолини ўлдирганини маълум қилганди.

МХБ хабарида журналистларнинг толиблар етакчилари ва Покистон разведка маҳкамаси вакиллари, жумладан «Толибон» разведка хизмати раҳбарлари Гул Оға (Gul Agha) ва Мавлави Манзор (Mawlavi Manzor), разведка маҳкамаси ходими генерал Мобин (Mobin) ва толибларнинг марҳум етакчиси мулла Умарнинг ўғли мулла Ёқуб билан учрашиб, улардан интервьюлар олишгани айтилади. Хабарда учрашув собиқ Қандахор полицияси раҳбари генерал Абдулла Раззоқнинг Спин-Болдакдаги уйида бўлганига аниқлик киритилган.

МХБ версиясигв кўра, журналистлар жамоат фикрини толиблар фойдасига буриш мақсадида «террорчи гуруҳларнинг айрим провинцияларда, айниқса Спин-Болдакдаги хунрезликларини «оқламоқчи» бўлганлар.

Бундан ташқари, афғон хавфсизлик бошқармаси хабарида журналистлардан бири Қандаҳор губернаторини провинцияни «Толибон»га таслим қилиш учун урингани таъкидланади. «Бисмилла Ватандўстнинг Қандаҳор губернатори билан алоқа ўрнатиш, провинцияни толибларга топширишга ундаш каби режаси бўлган. Шу сабаб, губернатор ўз мактубида МХБ дан мазкур журналистларни ҳибсга олишни сўраган», — дейилади хавфсизлик бошқармаси хабарида.

30 июль куни Human Rights Watch (HRW) халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти афғон давлат хавфсизлиги ташкилотига мурожаат қилиб, журналистларга жиноят айби қўйилмаган тақдирда, уларни озод этишни сўраган. Мурожаатда «Афғонистондаги кескинлик ортиб бораётган сари, барча томон оммавий ахборот воситаларини жим бўлишга мажбур этаётгани»и айтилади.

Дарҳақиқат, кейинги кунларда ҳукумат кучлари учун вазият анча оғирлашган. Толиблар учта провинция маъмурий марказига ҳужум уюштирганлар: ғарбдан — Ҳиротга, жанубдан — Лашкаргоҳ ва Қандаҳорга. Тўрт кунлик кескин жанглардан сўнг жангарилар Ҳиротга кира олдилар ва шаҳарнинг айрим мавзеига жойлашдилар. Бироқ, 1 август куни Қобулдан етиб келган махсус хизмат бўлими аскарлари толибларни шаҳардан қувиб чиқдилар.

Қандаҳорда толиблар афғон армиясининг самолёт ва вертолётлари қўним топган аэропортни ўққа тутдилар. «Биз Қардаҳор аэропортини ўққа тутдик, чунки душман бизга нисбатан авиазарбалар бериш учун ушбу объектдан фойдаланган эди», — дейди толиблар вакили Забиулла Мужоҳид.

Афғонистон ҳукумати мулозимлари аэропортнинг ракеталардан ўққа тутилиши оқибатида барча парвозлар тўхтатилгани, учиб-қўниш йўлагининг бир қисми вайрон бўлганини маълум қиладилар. Гелменд провинциясининг маъмурий маркази Лашкаргоҳ шаҳрида вазият анча оғир. Айрим маълумотларга кўра, толиблар шаҳардаги асосий ҳарбий база жойлашган губернатор мажмуасига яқинлашиб қолганлар. Афғон хавфсизлик кучларига мадад бериш мақсадида АҚШ ҳарбий авиацияси ҳаводан жангариларга қарши зарбалар уюштирмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ