Депутатлар қонун лойиҳасини рад этдилар

ЎзХДП депутатлари. Ўзбекистон парламенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП) фракцияси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг розилигисиз уларнинг фаолиятини акс эттирувчи фотосурат ва видеоларни тарқатишга ён босди. 31 май куни бўлиб ўтган йиғилишда бунинг учун маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди, деб хабар беради ЎзХДП матбуот хизмати.

Мазкур қонун лойиҳаси Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Жумладан, қонунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат вазифаларини бажариш чоғида уларни фото ва видео тасвирига олиб, обрўсини тушириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернет тармоғига жойлаштириш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима солинишига (битта БҲМнинг ҳажми 270 000 сўмдан 300 000 сўмга ошади, бу тахминан 27 АҚШ долларини ташкил этади) ёки 15 суткагача қамоққа олинишига сабаб бўлиши таъкидланган.

«Мамлакатимиздаги катта ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар очиқлик, ошкоралик, халқ олдида ҳисобдорлик, жамоатчилик назоратини кучайтиришга асосланаётган даврда ҳуқуқ-тартибот ходимларининг фаолияти фото ва видео тасвирларга олиниши чекланиши нотўғри ёндашувдир», — дейилади ЎзХДП хабарида.

Шунингдек, депутатлар қонун лойиҳасида турли ҳуқуқбузарликлар учун назарда тутилган жарима миқдорини ошириш айниқса, энг зарур товарлар нархи ошиб бораётган бир пайтда ЎзХДП ғояларига зид эканини таъкидладилар. Шу сабабларга кўра, фракция қонун лойиҳасини йиғилиш кун тартибидан олиб ташлади.

Шу куни яна уч партия – «Экология», «Адолат» ва «Миллий тикланиш» фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Улар томонидан кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари маъқулланди.

Ички ишлар вазирлиги 14 март куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ва йўл ҳаракати қатнашчилари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш тўғрисида»ги низомга ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти тўғрисидаги фото ва видеоларни тарқатишни тақиқлашни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлади. Бир қатор жамоат арбоблари ва блогерлар буни «ёпиқ давлат сари орқага қадам» ва жамоатчилик назорати ва ошкораликни чеклаш истаги деб атаган. Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова тақиқни қўллаб-қувватлаб, «Бу погонли давлат хизматчиси ҳам шахс, Ўзбекистон фуқароси. Шунинг учун сиз ундан рухсат сўрашингиз керак», деди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ