Сеулда Жанубий Корея — Марказий Осиё биринчи саммити бўлиб ўтади

AI фотосурати

Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён 16 сентябрь куни Сеулда Марказий Осиёнинг барча беш давлати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирокида биринчи саммитни ўтказади. Бу ҳақда Reuters Жанубий Корея президенти маъмуриятига таяниб хабар беради.

Умумий учрашувдан олдин Ли Чжэ Мён Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан алоҳида музокаралар ўтказади. Икки томонлама учрашувлар 14–16 сентябрь кунларига режалаштирилган.

Саммитнинг асосий мавзулари савдо ва инвестицияларни кенгайтириш, энергетика, стратегик аҳамиятга эга минераллар соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳамда таъминот занжирларини ривожлантиришдан иборат бўлади. Ли Чжэ Мён таъкидлашича, учрашув Жанубий Корея ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларни раҳбарлар даражасидаги кўп томонлама ҳамкорлик форматида мустаҳкамлаши лозим.

Саммитга тайёргарлик бир неча ой давомида олиб борилди. Апрель ойида Сеулда Жанубий Корея ва минтақа давлатларининг юқори мартабали вакиллари ўртасида биринчи учрашув бўлиб ўтди, июнь ойида эса иккинчи учрашув Тошкентда ўтказилди. Томонлар бўлажак саммитнинг аниқ натижаларини ва тўртта йўналиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Улар: шерикликни институционаллаштириш, тинчлик ва барқарорлик, инновациялар ва фаровонлик, шунингдек, гуманитар алоқалардан иборат.

Сеулнинг Марказий Осиё билан кўп томонлама ҳамкорлик формати 2007 йилдан бери мавжуд. Ўша йили Жанубий Корея ҳукумати ташаббуси билан «Корея Республикаси — Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми ташкил этилганди. У ҳар йили ўтказилади ва Жанубий Кореяни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан бирлаштиради. Форум доирасида давлат идоралари ва бизнес вакиллари иштирокида қўшма иқтисодий ва гуманитар лойиҳалар муҳокама қилинади. Кейинчалик форум вазирлар даражасига кўтарилди, бугунги учрашув эса ушбу форматни биринчи марта давлат раҳбарлари даражасига олиб чиқмоқда.

Жанубий Кореянинг минтақадаги энг йирик ҳамкорларидан бири Ўзбекистон ҳисобланади. Мамлакатлар алоҳида стратегик шериклик муносабатларини сақлаб келмоқда. Ўша пайтдаги Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёлнинг 2024 йил июнь ойида Тошкентга давлат ташрифи чоғида томонлар 17 та ҳужжатни имзолаган. Улар, хусусан, стратегик аҳамиятга эга минераллар, транспорт, иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш, фармацевтика ва Hyundai Rotem тезюрар электропоездларини етказиб бериш соҳаларидаги ҳамкорликка тааллуқли эди. Ўшанда Жанубий Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган жами инвестициялари ҳажми 7,5 миллиард долларга, 2023 йил якунларига кўра товар айирбошлаш ҳажми эса 2,5 миллиард долларга баҳоланган.

  • 150 дан ортиқ ҳуқуқ ҳимоячилари, фаоллар ва журналистлар Юлия Емельянова ва Мансур Мовлаевни Россияга экстрадиция қилишга қарши баёнотни имзоладилар

  • Қозоғистон сунъий интеллект пойгасида АҚШ ва Хитой ўртасида қандай мувозанат сақламоқда

  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди