Норов туркий давлатларнинг толиблар билан ўзаро ҳамкорлигига доир ягона ёндашувни ишлаб чиқишни таклиф қилди

Владимир Норов Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида . Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона" АА

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов туркий давлатларнинг Афғонистондаги «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлиги бўйича ягона ёндашувни ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда у 10 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради «Фарғона» ахборот агентлиги мухбири.

«Ўзбекистон Афғонистонни сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий қайта тиклашда халқаро ҳамжамият томонидан фаол қўллаб-қувватлаш зарурлиги борасида қатъий ва принципиал позицияни эгаллайди. Биз Афғонистон муваққат ҳукуматига [«Толибон «томонидан тузилган] умумий ва яхлит ёндашувни ишлаб чиқишимиз керак», — деди Норов.

У туркий халқлар Афғонистон билан муштарак тарихий, маданий ва маънавий ришталар билан боғлангани, Тошкент бу давлатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланиши керак, деб ҳисоблашини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, толиблар ўтган йили август ойида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган эди. Толиблар томонидан тузилган ҳукуматни дунёнинг ҳеч бир давлати тан олмади. Шу билан бирга, бир қатор давлатлар у билан ўзаро алоқада. Жумладан, Ўзбекистон афғонларга мунтазам равишда гуманитар ёрдам кўрсатиб келмоқда, шунингдек, «Толибон» ҳаракати билан Мозори Шариф-Кобул-Пешовар (Покистон) йўналиши бўйлаб ҳаракатланиши керак бўлган Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш устида ишламоқда. Бу йўл Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари темир йўл тармоқларини боғлайди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ