Ўзбекистонни қамраб олган аномал совуқ «Афросиёб» электропоездини ишдан чиқарди

"ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ" АЖ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

13 январь куни аномал совуқ ҳаво туфайли Бухоро-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган 765-сонли «Афросиёб» тезюрар поездида носозлик юзага келган. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.

Поездни Навоий вилоятидаги «Малик» бекатида қолдиришга тўғри келган. Йўловчиларни манзилига етказиш учун «Афросиёб» номли захира электропоезди жўнатилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти 13 январь куни йўловчи поездлари ҳаракати жадвалига ўзгартиришлар киритилиши ҳақида огоҳлантирди.

Йил бошидан буён «Афросиёб» поездининг иккинчи марта йўналишда тўхтатилиши юз берди. 1 январь куни ҳам Бухоро-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган поезд алоқа симининг узилиши туфайли Тошкент вилоятининг «Янги Чиноз» ва «Чиноз» бекатлари оралиғида тўхтатилишига тўғри келганди.

«Сим тармоғидаги узилишининг асосий сабаби қисқа туташишга олиб келган бегона жисм, яъни – «Осмон фонарлари» деб номланган ва одамлар томонидан байрам кунларда осмонга учиртиладиган восита эканлиги аниқланди. Темир йўл яқинида унинг учирилиши вақтида ушбу жисм электровознинг пантографига урилиб, қисқа туташувга олиб келди ва контакт симининг қизишига олиб келди ва бунинг оқибатида электровоз электр таъминотидан узилиб қолди», — дейилади «Ўзбекистон темир йўллари» хабарида.

Uznews.uz хабарига кўра, йўловчилар тўхтаб қолган поезднинг совуқ вагонларида икки соатдан кўпроқ вақт давомида қолиб кетган.

«Буни таърифлашга тил ожиз. Тошкентга етиб қолай деганда поезд тўхтаб қолди. Икки соатдан ортиқ совуқда, овқатсиз ўтирдик. Тўхташ сабаби айтилмади. Одамлар бақирар, қарғиш ёғдирарди, болалар эса йиғлашарди», — деди нашрга гувоҳлардан бири.

Йўловчиларни манзилига етказиш учун Тошкентдан захира «Афросиёб» жўнатилган.

«269 нафар йўловчи захира поездига хавфсиз ўтказилди ва поезд Тошкент-Марказий вокзалига 22:05да етиб келди. Йўловчиларга йўл давомида қўшимча иссиқ чой-кофе ва озиқ-овқат бепул тарқатилди. 269 нафар йўловчига чипта нархи тўлиқ қайтариб берилади», — дейилади темир йўли компанияси хабарида.

Шу билан бирга, 12 январь куни Тошкент автобусларининг двигателлари музлай бошлагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси ҳаво ҳароратининг — 20 даражагача кескин пасайиши туфайли катта сиғимли автобусларнинг двигателларида муаммолар юзага келганини, бироқ тез орада улар бартараф этилганини тасдиқлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ