IFC Сирдарё вилоятида замонавий ИЭС қурилишига 150 миллион доллар сармоя киритди

DNEWS.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (International Finance Corporation, IFC) Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида замонавий иссиқлик электр станциясини қуриш учун 150 миллион доллар ажратган ва 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ йиғишга ёрдам берган. Бу ҳақда молия институти сайтида хабар берилган.

IFC Ўзбекистон ҳукуматининг транзакция масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасини бажариб, давлат-хусусий шериклик доирасида ИЭС қуриш бўйича шаффоф халқаро тендер ташкил этган. Ташкилот, шунингдек, ушбу лойиҳа учун Япония халқаро ҳамкорлик банки ва Япония экспорт ва инвестицияларни суғурталаш агентлиги томонидан 655 миллион доллар маблағни ҳам молиялаштирган.

Янги иссиқлик электр станцияси мамлакатнинг электр энергиясига бўлган талабини қондиришга ёрдам беради ва «яшил» энергияга ўтишда кўмирдан фойдаланишдан воз кечиш истагини қўллаб-қувватлайди.

Станция 1580 мегаватт қувватга эга бўлиб, уч миллиондан ортиқ аҳолини рақобатбардош энергия билан таъминлайди.

Станция талабнинг 17 фоизини қондиради ва умумий ўрнатилган қувватнинг 9,5 фоизини ташкил қилади. Самарадорлик кўрсаткичи 60 фоиздан юқори бўлган ИЭС эскирган станцияларга қараганда икки баравар самарали бўлади ва йилига 2,8 миллион тоннагача иссиқхона газлари чиқиндиларининг олдини олади. Маҳаллий табиий газдан тўлиқ ишлаб чиқарилган электр энергияси Ўзбекистон Миллий электр тармоғига йўналтирилади.

Лойиҳа Electricité De France, Nebras Power, Sojitz Corporation ва Kyuden International консорциуми томонидан ишлаб чиқилади.

«Тоза энергияга ўтишни тезлаштириш учун бизга қайта тикланадиган энергия қувватларини мувозанатлаш ва ошириш орқали энергия тизимимизни оптималлаштиришга ёрдам берадиган замонавий, самарали ва мослашувчан электр станциялари керак. «Сирдарё-2» станцияси ишончли ва тежамкор электр энергияси манбаи бўлиб, CО2 чиқиндиларини камайтирган ҳолда, бу ўтишни осонлаштиради», — деди Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.

IFC қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги молия институти фаолиятининг асосини ташкил этишини таъкидлади. Ташкилот 2018 йилдан буён республика мутасаддиларига энергетика соҳасига инвестицияларни жалб қилиш ва халқаро стандартлар асосида тендерлар ўтказишда ёрдам бериб келади.

Таъкидланишича, IFC ​​Ўзбекистон энергетика соҳасига, хусусан, шамол ва қуёш энергиясидан фойдаланиш лойиҳаларига қарийб 67,5 миллион доллар сармоя киритган.

Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси бўлган IFC ривожланаётган бозорларда хусусий секторга йўналтирилган энг йирик глобал ривожланиш институтидир. Ташкилот дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритади. 2022 йили Халқаро молия корпорацияси ривожланаётган мамлакатлардаги хусусий компаниялар ва молия институтларига рекорд даражадаги 32,8 миллиард доллар ажратди.