Ҳуқуқ ҳимоячилари руҳоний Иаков Воронцовни Қозоғистондаги сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритди

Иаков Воронцов Ижтимоий тармоқлардан олинган сурат

Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар кенгаши Рус православ черковининг собиқ руҳонийси Иаков Воронцовни сиёсий маҳбус деб тан олди. Тегишли қарор 4 ноябрь куни Олмаотада қабул қилинди, деб хабар берди «Ар.Рух.Хақ» жамғармаси раҳбари Бахитжан Тўреғожина.

Воронцовдан ташқари, қизилўрдалик фуқаролик фаоли Гулназ Серикбаева ва семейлик рассом Нуржан Сембаев ҳам сиёсий маҳбус деб эътироф этилди.

Экспертлар кенгаши таркибига ҳуқуқ ҳимоячилари ва жамоат арбоблари Ғалим Ағелеуов, Луқпан Аҳмедьяров, Зауреш Батталова, Гулмира Биржанова, Анара Ибраева, Евгений Жовтис, Ерлан Қалиев ва Бахитжан Тўреғожина киради.

Воронцов Россиянинг Украинадаги урушига қарши чиққан ва Қозоғистонда Москва патриархатига бўйсунмайдиган мустақил православ жамоасини тузишни қўллаб-қувватлаган эди. 2023 йили ижтимоий тармоқлардаги Рус православ черковининг урушни қўллаб-қувватлашини танқид қилган постлари сабабли унга нисбатан низо қўзғатиш айблови билан жиноят иши очилган. 2025 йил май ойида ушбу иш жиноят таркиби йўқлиги сабабли тугатилган.

2026 йил 13 февраль куни тинтувдан сўнг Воронцов ушланиб, 10 суткалик маъмурий қамоққа ташланган. Кейинчалик унга қарши янги жиноят иши қўзғатилди — бу гал сотиш мақсадисиз психотроп моддани ноқонуний олиш ва сақлаш, шунингдек, гиёҳвандлар тўпланадиган жой ташкил этиш айблови қўйилди (бу айблов кейинроқ олиб ташланди). Ҳибсда сақланган вақтида у руҳий касалликлар шифохонасига ҳам ётқизилган.

7 октябрь куни Олмаота шаҳри Медеу туман суди собиқ руҳонийни олти йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди. Амнистия ҳисобга олиниб, жазо муддати тўрт йилгача қисқартирилди. Воронцов айбини тан олмади. Ҳукм устидан апелляция шикояти берилган, унинг қачон кўриб чиқилиши ҳозирча номаълум.

Гулназ Серикбаева — Хитойдаги қозоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи «Ата жұрт» жамоат бирлашмаси аъзоси. 2026 йил март ойида Facebook’даги постлари сабабли унга нисбатан низо қўзғатиш айблови билан жиноят иши қўзғатилган. 2 июль куни суд фаолни Жиноят кодексининг 174-моддаси 1-қисми бўйича уч йилга озодликдан маҳрум қилди. Серикбаева ўз фикрини билдириш ва давлат сиёсатини танқид қилиш бўйича конституциявий ҳуқуқидан фойдаланганини билдириб, айбини тан олмади. Тергов изоляторида сақланган вақтида унинг ўз жонига қасд қилишга урингани хабар қилинган эди.

Нуржан Сембаев — семейлик рассом ва фуқаролик фаоли. 2022 йил январь ойида у Қонтар воқеалари вақтида майдонда бўлган. Унга нисбатан оммавий тартибсизликларда иштирок этиш ва биноларга ҳужум қилиш айблови билан қўзғатилган дастлабки жиноят иши 2022 йил декабрида жиноят таркиби йўқлиги сабабли тугатилган. Кейинчалик суд давлатни унинг ноқонуний ҳибсда сақлангани учун икки миллион тенге (4,4 минг доллар) товон пули тўлашга мажбур қилган.

2026 йил 3 февралда Сембаев яна ҳибсга олинди — бу сафар Facebook’даги постлари сабабли. Унга тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этиш (ЖКнинг 405-моддаси 2-қисми) ва экстремистик фаолиятни молиялаштириш (ЖКнинг 258-моддаси 1-қисми) айбловлари қўйилди. 22 июль куни Семей суди фаолни олти йилга озодликдан маҳрум қилди ва уч йил давомида ижтимоий-сиёсий фаолият билан шуғулланишини тақиқлади.

❗ Қозоғистон Адлия вазирлиги вакиллари мамлакатда сиёсий маҳбуслар йўқлигини бир неча бор таъкидлаган. Шунга қарамай, ҳуқуқ ҳимоячилари бунинг аксига ишончи комил. Инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя этиш бўйича Қозоғистон халқаро бюросининг собиқ раҳбари Евгений Жовтис аввалроқ Қозоғистонда сиёсий маҳбуслар рўйхати муттасил кенгайиб бораётганини билдирган эди.

  • 150 дан ортиқ ҳуқуқ ҳимоячилари, фаоллар ва журналистлар Юлия Емельянова ва Мансур Мовлаевни Россияга экстрадиция қилишга қарши баёнотни имзоладилар

  • Қозоғистон сунъий интеллект пойгасида АҚШ ва Хитой ўртасида қандай мувозанат сақламоқда

  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди