Қатар компаниялари Ўзбекистонда 12 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этади

Шавкат Мирзиёев ва Тамим бин Ҳамад Ол Соний. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қатарнинг етакчи компаниялари Ўзбекистонда умумий қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ йирик сармоявий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этади.Томонлар бу ҳақда Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Марказий Осиё Республикасига давлат ташрифи чоғида келишиб олдилар, деб хабар қилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа соҳаларда инвестисия лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Тегишли келишувларни сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Қатар сармоя форумида кўриб чиқиш ва тузиш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қатар Амири билан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокараларида ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичларини бир неча карра ошириш, маданий-маърифий ва сайёҳлик алмашинувларини фаоллаштириш, Тошкент билан Доҳа ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишга тайёрлиги тасдиқланди.

Икки давлат раҳбарлари иштирокида 15 та ҳужжат имзоланди, жумладан:

👉 Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;

👉 устувор инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бўйича қўшма платформа яратиш тўғрисидаги келишув;

👉 Икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш ҳамда даромад ва мулк солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;

👉 Божхона ишларида ўзаро кўмак кўрсатиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;

👉Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;

👉 Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари орқали 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурлари ва бошқа ҳужжатлар.

Шавкат Мирзиёев ва Тамим бин Ҳамад Ол Соний глобал ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилдилар. Хусусан, Афғонистонга нисбатан прагматик сиёсатни йўлга қўйиш, мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Қатарнинг Трансафғон темир йўл коридорини яратиш лойиҳасини амалга оширишдаги иштироки истиқболлари кўриб чиқилди.

Қатар Амирининг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 25 йиллик тарихидаги олий даражадаги биринчи ташриф бўлди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ҳар томонлама шериклик даражасига олиб чиқишига умид билдирилди.

«Биз Қатарни нафақат Яқин Шарқ минтақасида, балки бутун араб-мусулмон оламида ўзимизнинг истиқболли ҳамкоримиз сифатида биламиз. Сиз билан сўнгги йиллардаги мулоқотларимиз боис муносабатларимизда катта силжиш кузатилмоқда», — деди Мирзиёев.

Учрашув сўнгида шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ўзбекистон раҳбарини Қатарга ташриф билан келишга таклиф қилди.

Мартабали меҳмон Самарқандга 5 июнь куни етиб келди, уни Шавкат Мирзиёев аэропортда кутиб олди. Биринчи навбатда амирга маҳаллий обидалар ва диққатга сазовор жойлар кўрсатилди. Эртаси куни музокаралар якунида икки давлат раҳбарлари Самарқанддаги Конгресс маркази боғида биргаликда кўчат ўтқазишди. Шундан сўнг Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Қатар Амирини аэропортгача кузатиб қўйди ва у ердан меҳмон ватанига учиб кетди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ