Экологлар: Қўштепа канали Амударё ҳавзасидаги барча мамлакатларнинг сув таъминотига таъсир қилади

Қўштепа каналининг ўпирилиб кетган қисми ҳалиям космосдан олинган тасвирларда қўзга ташланади. rivers.help сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимият тепасига келган «Толибон»* ҳаракати томонидан қурилаётган Қўштепа каналининг фойдаланишга топширилиши Амударё ҳавзасидаги барча мамлакатларнинг сув таъминотига ҳақиқий зарба бўлади. Бу ҳақда «Чегара билмас дарёлар» (Rivers without Boundaries) халқаро экологик коалицияси маълум қилди.

Коалиция мутахассислари сунъий йўлдошдан олинган сўнгги суратларни таҳлил қилиб, Афғонистон ҳукумати яқинда эълон қилган Қўштепа канали қурилиши бўйича ишлар қайта бошланганини тасдиқлади. Сўнгги бир ой ичида каналнинг кўринадиган йўналиши 30 км.га чўзилган ва кейинги ички дарё дельтасига етиб борган. Узунлиги 108 км бўлган каналнинг биринчи навбати қуриб битказилганини инобатга олинса, яқинда Қўштепанинг ярми қуриб битказилади. Толиблар 177 км канал қуриш орқали 550 минг гектар ерни суғориш учун ёрдамчи каналлар қазишни режалаштирган.

«Қўштепа канали битгандан сўнг Афғонистондаги қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун Амударё сув оқимининг қарийб 20 фоизини олиш имкониятига эга бўлади ва Тожикистонда юқори оқимда қурилаётган Роғун ГЭСи оқимни қайта тақсимлаши Амударёнинг ёзги сув тақчиллигига янада таъсир қилади. Албатта, бу Амударё ҳавзасидаги барча мамлакатларнинг сув таъминоти учун ҳақиқий зарба бўлади», — дейди «Чегара билмас дарёлар» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган) коалициясининг халқаро координатори Евгений Симонов.

«Чегара билмас дарёлар» ташкилоти минтақавий директори Александр Колотовнинг сўзларига кўра, «ҳозирда Афғонистонни Марказий Осиё давлатлари билан сув олиш квоталари бўйича келишувлар доирасида қўшиш йўлларини излаш керак, акс ҳолда минтақа ҳақиқий тартибсизликлар гирдобида чўқиши мумкин».

Ўтган йил декабрь ойида коалиция мутахассислари сунъий йўлдошдан олинган суратларда Қўштепа каналининг 75-километрида тўққиз километр узунликда улкан сув тошқини юз берганини аниқлашган. Каналнинг бу қисмидаги қирғоқ ўпирилиши ҳали ҳам космосдан олинган тасвирларда кўринади.

ℹ️ Қўштепа канали Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилоятининг Қалдар туманидан бошланиб, Жаузжон вилояти орқали Фарёб вилоятининг Андхой туманига ўтади. Унинг узунлиги 285 км, кенглиги 100 метрни ташкил этади. Канал қурилиши 2022 йил март ойида бошланган. Афғонистон ҳукумати буғдой ва кунгабоқар етиштириш учун мамлакат шимолидаги 555 минг гектар бўз ерларни суғориш зарурлигини таъкидлаган.

Ўзбекистон ҳукумати каналнинг республика қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатишидан бир неча бор хавотир билдирган. Мутахассисларнинг фикрича, Қўштепа ҳам Амударёдан сувни буриш орқали Орол ҳалокатини янада кучайтиради.

2023 йил сентябрь ойида Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистонни сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этишни таклиф қилган эди. Бунга жавобан толиблар ҳукуматидаги Сув хўжалиги ва энергетика вазирлиги раҳбари Абдул-Латиф Мансурнинг айтишича, ҳозирги афғон ҳукумати Амударёдан сувни олиш бўйича ҳеч қандай келишувлар билан чекланмаган.

Октябрь ойи ўрталарида толиблар каналнинг биринчи қисми қуриб битказилгани ва лойиҳанинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилишганди. Улар минтақа давлатларидан, жумладан, Ўзбекистондан канал ҳақида қайғурмасликни сўрашган ва муаммоларни «дипломатик йўллар орқали» ҳал қилишга тайёр эканликларини билдиришган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди