Ўзбекистоннинг Буюк Британия, Германия, Польша, Венгрия ва Япониядаги элчихона ва консулликларида меҳнат миграцияси бўйича атташе лавозимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Саудия Арабистонида жойлашган дипломатик миссия Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) вакили лавозимига эга бўлади. 2 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёевга миграцияни тартибга солиш ва меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимот қилинди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ўзбекистон фуқароларининг ташқи меҳнат бозорига киришини осонлаштириш, ватанига қайтган меҳнат мигрантлари бандлигини таъминлаш чораларини кўриш бўйича Президент топшириғига биноан меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрланди.
Ўзбекистоннинг бир неча миллион фуқароси хорижда меҳнат қилмоқда, уларнинг аксарияти мустақил равишда ишлашга кетган. Бандлик вазирлиги ҳузуридаги ТММА кўмагида сўнгги икки йилда 70 минг киши ривожланган мамлакатларда иш билан таъминланган.
Эндиликда ТММАни давлат муассасаси шаклидаги бошқарув органига айлантириш таклиф қилинмоқда. Агентлик директори бир вақтнинг ўзида Бандлик вазири ўринбосари ҳамда Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси раҳбари бўлади.
Режалаштирилган ишлар:
👉 ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси хорижда ишлаш истагида бўлган фуқарони аниқлаб, «Онлайн маҳалла» платформасига киритади. Номзодлар хориждаги иш берувчилар танловларига жалб қилинади;
👉 касб-ҳунар таълими муассасаларида ва ТММА қошидаги махсус марказда мутахассислиги бўлмаган ва чет тилини билмайдиган фуқаролар учун мақсадли ўқитиш ташкил этилади;
👉 давлат меҳнат визаси, чипталар, чет тилини билиш ва касбий малакани баҳолаш харажатларининг бир қисмини қоплайди. Чет тили бўйича халқаро ёки унга тенглаштирилган сертификат олган фуқарога тил ўрганиш учун сарфлаган харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади;
👉 Меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш ҳамда томорқа юритиш ва даромад олиш учун маблағ билан таъминлашда кўмак берилади. Уларни ишга қабул қилган корхона йил давомида ҳар бир ходим учун Бандликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ҳар ой 500 минг сўм (40 доллар) миқдорида субсидия олади. Бу йили ушбу мақсадда 100 миллиард сўм (8 миллион доллар) ажратилади.
««Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастурига мувофиқ имтиёзли кредитлар ажратилади. Тиббий муассасалар миграциядан қайтган шахслар ва уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказади. «Инсон» марказлари томонидан ота-онаси хорижда меҳнат қилаётган болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Таъкидлаш жоиз, илгари сурилган таклифларнинг айримлари Ўзбекистон Президенти ва ҳукумати томонидан илгари қабул қилинган фармон ва қарорларда ҳам ўрин олган. Масалан, ушбу ҳужжатларга мувофиқ хорижга кетаётган меҳнат муҳожирлари учун:
▶️ 2018 йили авиа ва поезд чипталарига чегирмалар тақдим этилган. Дастур 2020 йил охиригача амал қилди, 177 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси чегирмалардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди;
▶️ 2019 йили хорижда вақтинчалик ишлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш учун микрокредитлар бериш назарда тутилганди;
▶️ 2021 йили ҳукумат хорижий давлатларга иш визаларини расмийлаштириш учун компенсация ва авиачипталар нархининг бир қисмини қоплаш учун пул ажратиш ниятини эълон қилди;
▶️ Ўшанда ҳар бир фуқарога хорижий давлатларга виза олиш учун сарфланган харажатлар учун 1,2 миллион сўм (ўша пайтдаги курс бўйича 113 АҚШ доллари) миқдорида компенсация тўланиши кўзда тутилганди;
▶️ 2021 йил 1 январдан Ўзбекистонда хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларни мажбурий касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий этилди.