Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятини 3,5 миллион евродан ортиқ грантлар билан қўллаб-қувватлади

Шарлотта Адриан. eeas.europa.eu сайти фотосурати

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтиришга қаратилган 8 та лойиҳа учун 3,5 миллион евродан ортиқ грантларни тақдим этди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг республикадаги делегацияси матбуот хизмати хабар берди.

ЕИ томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг ишга туширилиши 3 апрель куни «Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаш» мавзусидаги тадбир очилишида эълон қилинди.

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган ташаббуслар 2023 йили бошланган таклифлар танловидан сўнг танлаб олинган. Қуйидаги лойиҳалар ғолиб деб топилган:

👉 «Инклюзив ривожланиш учун овозларни кучайтириш: Самарқанд, Наманган ва Тошкент шаҳарларидаги хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлайдиган фуқаролик жамияти ташкилотларини (ФЖТ) кучайтириш»;

👉 «EU Tabassum: Ўзбекистонда гендер тенглигини тарғиб қилиш ва ёш аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш учун медиа кўникмалар»;

👉 «Фуқаролик жамияти иштироки орқали гендер-трансформатив ҳамжамиятларни ривожлантириш»;

👉 «Салоҳиятларни ошириш ва медиа-фильмлар ишлаб чиқариш орқали барқарор сув бошқаруви учун жамиятлар имкониятларини кенгайтириш ва ФЖТларни мустаҳкамлаш»;

👉 «Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ташкилотларининг институционал ва дастурий салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, ФЖТ ва давлат органларини миллий ва минтақавий ривожланиш режаларига интеграция қилиш учун уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш»;

👉 «Аёллар ва қизлар хавфсиз ва эркиндирдлар: ФЖТ ва тегишли манфаатдор томонлар учун гендер асосидаги зўравонлик қурбони бўлган қизлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш учун методологияни тақдим этиш»;

👉 «Яшил» ва циркуляр иқтисодиёт» тармоқларида аёллар ва ёшларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш»;

👉 «Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида фуқаролик жамиятининг инсон ҳуқуқлари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ва атроф муҳитни ни ҳимоя қилиш бўйича имкониятларини кенгайтириш».

«Аёллар, болалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлар учун лойиҳаларга устувор аҳамият бериш орқали биз овозларни кучайтирамиз, инклюзив ривожланишни рағбатлантирамиз ва Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз. Фуқаролик жамияти ва ҳукуматдаги ҳамкорлар билан биргаликда биз демократия ва фаровон жамият ривожланиши учун зарур бўлган плюрализм ва инклюзивликка ўз ҳиссамизни қўшамиз»,деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

Лойиҳани амалга ошириш 2024–2026 йилларга мўлжалланган.

ℹ️ Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси 2011 йил 31 майда республикада расман аккредитациядан ўтган. Делегациянинг Европа Иттифоқини тақдим этувчи дипломатик миссиясининг роли Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини тақдим этиш, тушунтириш ва амалга ошириш, шунингдек, республикани ривожлантириш стратегиялари ва йўналишлари бўйича таҳлил ва ҳисоботлар беришдан иборат. Делегация ЕИ томонидан Ўзбекистонга кўрсатилаётган молиявий ёрдамни устувор йўналишлар ва тармоқлар бўйича тақсимлайди. 2021-2027 йилларга мўлжалланган дастурда самарали бошқарув ва рақамли трансформация; инклюзив, рақамли ва яшил ривожланиш; ақлли, экологик тоза агро озиқ-овқат секторини ривожлантириш ўрин олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ