Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон ҳудудидаги Барак эксклави аҳолисини кўчиришни якунлади

БАРАКДАГИ БИНО ҚОЛДИҚЛАРИ. ЭЛТР ВИДЕОСИДАН КАДР

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Барак эксклави аҳолисини кўчиришни якунлади. Бу ҳақда «ЭлТР» телеканали хабар берди.

«Бизга керакли нарсаларни йиғиштириб олишимиз учун бир ойча вақт беришди. Маҳаллий ҳукумат кўчиб ўтишимизга ёрдам берди ва юк машиналари билан таъминлади»,дейди эксклавнинг собиқ аҳолисидан бири.

Кўчирилганларнинг сўзларига кўра, Баракдаги барча уйлар ва ижтимоий объектлар демонтаж қилинган ва улар Қирғизистонга олиб кетилган. Жами 98 оила вақтинча Ўш вилоятининг турли ҳудудларига вақтинча ўрнашган. Баъзилар қариндошлариникига, бошқалари ижарага олинган уйларга жойлашган.

Қирғизистон ҳукумати барча 98 оилани бир ҳудудга – Барак эвазига Ўзбекистон берган 208 гектар ерга жойлаштириш ниятида. Қурилиш режаси аллақачон ишлаб чиқилган, уйларни 31 август – Қирғизистон Мустақиллик кунигача фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

ℹ️ Барак — умумий майдони қарийб тўрт квадрат километр бўлган қишлоқ аҳоли пункти бўлиб, у ерда турли даврларда 1,25 минг киши доимий истиқомат қилган. Бу ҳар томондан Ўзбекистоннинг Андижон вилояти, Қўрғонтепа тумани билан ўралган Қирғизистоннинг энг йирик эксклави ҳисобланган. Барак Қирғизистоннинг асосий ҳудудидан кенглиги бир ярим километр бўлган ер билан ажраб турган. 2010 йил апрель инқилобидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистоннинг асосий ҳудудига бориш учун «Достук» назорат-ўтказиш пунктини таклиф қилиб, эксклавга бориш пунктини ёпган, бу Барак аҳолиси ҳаётини сезиларли даражада мураккаблаштирган: бир ярим километр ўрнига, улар энди 300 км масофани босиб ўтишлари керак бўлган.

Қирғиз-ўзбек муносабатлари кескинлашган чоғида Барак бир неча бор изоляция ҳолатига тушиб қолган, кейин қирғиз томони қишлоқ аҳолисига гуманитар ёрдам етказиб берган.

Охир-оқибат Қирғизистон ўз фуқароларини эксклавдан «материк»га кўчиришга қарор қилади. 2014 йил август ойида ҳукумат кўчириш учун 3 миллион доллар ажратади.

2018 йили Қирғизистон ва Ўзбекистон ер участкаларини алмашиш бўйича келишиб олди – Ўзбекистон Барак ҳудудини Қора-сув туманининг Оқ-Тош қишлоғига туташ бўлган эквивалент ер участкаси эвазига олган. Бироқ, ўша пайтда алмашинув амалга ошмаган.

2022 йил ноябрида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев Ўзбекистон билан ҳудудларни алмашиш бўйича якуний келишувни эълон қилган эди.

«Баракни Қорасув тумани яқинидаги ерга алмаштирдик. 208 гектар суғориладиган ер олдик. Энди демаркация ишлари бошланади, Баракликлар Қирғизистонга кўчиб ўтади. Аҳолига товон пули тўлаб, уйлар қурамиз», — деб ваъда берди МХДҚ раҳбари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди