Душанбеда 18 май куни 68 ёшида мамлакат президентининг собиқ маслаҳатчиси, мухолифатдаги Тожикистон социал-демократик партияси (ТСДП) собиқ раҳбари Раҳматилло Зойиров вафот этди. Бу ҳақда сиёсатчининг яқинларига таяниб «Азия-плюс» хабар берди.
Марҳум яқинларининг айтишича, Зоиров касаллик туфайли вафот этган. Қайси касаллик ўлимга сабаб бўлгани аниқланмаган. Нашрнинг эслатишича, сиёсатчи 2021 йили ТСДП раҳбари лавозимидан кетган.
«Мен партияни 1999 йилдан буён бошқариб келдим ва шу кунгача унинг доимий раиси бўлдим. Бугун, биринчи навбатда, соғлигим сабабли кетяпман. Охирги йиллари оёғимдаги оғриқ мени қийнаяпти», — деганди ўшанда ТСДП етакчиси.
Зойиров Душанбедаги «Сариосиё» қабристонига дафн этилган.
ℹ️ Раҳматилло Зойиров 1957 йили ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида туғилган. Харьков юридик институтида, Киев юридик академиясида, шунингдек, Хабаровскдаги марксизм-ленинизм университетида таҳсил олган. Узоқ вақт давомида ўқитувчилик билан шуғулланган, Тожикистон давлат педагогика университетининг ҳуқуқ кафедрасини бошқарган, республика Фанлар академиясида ишлаган.
1998 йили Зойиров «Адолат ва тараққиёт» сиёсий уюшмасини тузган, кейинчалик у Тожикистон Социал-демократик партияси деб номланган. 2000-йиллар бошида у Президент Эмомали Раҳмоннинг ҳуқуқий масалалар ва халқаро сиёсат бўйича давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Зоиров 30 дан ортиқ китоб ва 270 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи.
ℹ️ ТСДП Тожикистонда фаолият юритаётган етти партия ичида ягона мухолиф сиёсий куч ҳисобланади. Социал-демократлар мамлакатдаги барча парламент сайловларида қатнашган, бироқ ҳеч қачон беш фоизлик тўсиқдан ўта олмаган ва бир мандатли сайлов округларида ғалаба қозона олишмаган. Ташкилот раҳбарияти ҳар сафар ҳукуматни овоз бериш натижаларини сохталаштиришда айблаган.