Тожикистон пойтахтида Халқаро музликлар форуми ва сув бўйича конференция ўз ишини бошлади

asiaplustj.info сайти фотосурати

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида «Сув барқарор ривожланиш учун» учинчи халқаро конференцияси доирасида ўтказилган Халқаро музликлар форуми ўз ишини бошлади. Бу ҳақда «Ховар» миллий агентлиги хабар беради.

Аниқлик киритилишича, тадбирда турли мамлакатлардан ўзгарувчан иқлим шароитида криосферадаги ўзгаришлар билан шуғулланувчи етакчи олим ва экспертлар йиғилган. Мутахассислар муаммо бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашадилар, амалий тадқиқотлар ва амалга оширилган лойиҳалар натижаларини ҳамкасбларига тақдим этадилар. Натижада форум иштирокчилари 2025 йили Халқаро музликларни сақлаш йилини ўтказиш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиши кутилмоқда.

10 июнь куни, шунингдек, Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференция доирасида сув ва иқлим бўйича ёшлар ва болалар форуми бошланди. Унинг делегатлари ўтган йили БМТнинг сув бўйича конференциясида қабул қилинган ихтиёрий мажбуриятларни бажариш бўйича алоҳида мамлакатлар тараққиётини кўриб чиқадилар. Ёшлар ташкилотлари экологик вазиятни яхшилаш бўйича инновацион ғояларни тақдим этадилар, шунингдек, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ҳукумат билан ҳамкорлик қилиш тажрибаси ҳақида гапирадилар. Голландия, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон ва Ҳиндистондан келган иштирокчилар ўз тақдимотлари билан чиқишади.

Ушбу тадбирлардан ташқари, «Сув барқарор ривожланиш учун» конференцияси дастури бир қатор индивидуал лойиҳаларни ўз ичига олади:

✅ Африка сув форуми;

✅ Марказий Осиё форуми;

✅ «Аёллар ва сув» халқаро форуми;

✅ Ҳавза ташкилотлари форуми;

✅ Парламент аъзоларининг ҳудудий форуми;

✅ Хусусий сектор форуми;

✅ Фан ва технология форуми.

Душанбеда бир қатор тадбирлар бошланиши арафасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иқлим ўзгариши мавзусининг жиддийлиги ҳақида бир қатор баёнотлар берди. Сиёсатчи эксперт маълумотларидан иқтибос келтирган, унга кўра жорий йилнинг май ойи рекорддаги навбатдаги энг иссиқ ой бўлган. Гутерришнинг сўзларига кўра, глобал исишни Цельсий бўйича 1,5 даража ичида ушлаб туриш ва шу орқали иқлим фалокатининг олдини олиш имконияти тобора камайиб бормоқда. Унинг қўшимча қилишича, ушбу мақсадга эришиш учун 2030 йилгача ҳар йили зарарли чиқиндиларни 9 фоизга камайтириш зарур, бироқ ўтган йилги статистик маълумотларга кўра, аксинча, бу кўрсаткич 1 фоизга ошган.

«Ҳаммаси дунё етакчилари қандай қарорлар қабул қилиши ёки қабул қилмаслигига боғлиқ, айниқса яқин ўн саккиз ой ичида», — дейди БМТ Бош котиби.

Гутерриш, шунингдек, экстремал об-ҳаво шароитларига мослашиш учун харажатларни ошириш зарурлигини таъкидлайди.

«Глобал молия тизими иқлим муаммосини ҳал қилишда иштирок этиши керак, чунки миллий қарз бўйича ҳаддан ташқари тўловлар иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун маблағларни кемириб ташлайди», — дея хулоса қилади сиёсатчи.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ