Туркманистон полиция бўлимларида фуқаролик фаолларининг фотосуратлари қидирувдаги шахслар ҳақидаги маълумотлар акс эттирилган стендларда пайдо бўлди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар беради.
Шу тариқа, Туркманистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирувга берилган шахслар рўйхатига 2020 йили Туркияда бўлиб ўтган митингларда қатнашган, жумладан, Туркманистон ҳукуматининг Лебап вилоятидаги табиий офат оқибатлари борасида жим турганига қарши чиққан фаоллар ҳам бор. Улар орасида Мердан Муҳаммедов, Энежан Салихова, Нурмуҳаммет Аннаев, Сердар Хожанепесов, шунингдек, Туркиядаги инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Hak Нukuga Daýanç («Ҳуқуқ ва қонунга таянчи») Дурсолтан Тоганова бор.
Аввалроқ, Туркманистонда митинг фаол иштирокчиларига нисбатан жиноий иш очилган эди. Ушбу ҳолатлар юзасидан Туркманистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Туркия томонидан қонунбузарларни ўз ватанларига қайтаришни талаб қила бошлаганди ва якунда Довран Имамов, Фарҳат Мейманқулиев, Ровшен Кличев ва бошқа бир қанча фаолларнинг депортация қилинишига эришганди. Туркманистонга депортация қилинган айрим фуқароларнинг тақдири ҳанузгача номаълум.
«Хроника Туркменистана» нашри Туркманистон полиция бўлимларидаги стендларга сурати қўйилган фаоллар ҳам депортация қилиниши хавфи остида эканини таъкидлайди.