Душанбедаги машҳур чойхона ва Лоҳути номидаги драма театри биноси яқин орада бузиб ташланади

«РОҲАТ» ЧОЙХОНАСИ ВА ЛОҲУТИ НОМИДАГИ ТЕАТР. «ФАРҒОНА» КОЛЛАЖИ

1950 йиллар охирида Душанбе марказида қурилган «Роҳат» чойхонаси ва Лоҳути номидаги драма театри биноси яқин орада бузиб ташланади. Бу ҳақда Тожикистон Қурилиш ва архитектура қўмитаси раиси Низом Мирзозода 29 июл куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади «Азия-плюс».

«Ушбу бинолар эскирган ва замонавий талабларга жавоб бермайди, бироқ «Роҳат» чойхонаси ва Лоҳути номидаги театр брендлари сақланиб қолади, улар учун янги бинолар қурилади», — деди мулозим. У бузиб ташлашнинг аниқ санасини айтмади.

Тожикистон пойтахти ҳокимияти сўнгги ўн йил ичида «Роҳат» чойхонаси ва драма театрини бузиш ташланиши борасида бир неча бор сўз юритган. Фуқаролик фаоллари бу режалардан воз кечиш учун бир неча бор ҳукуматга мурожаат қилишган.

ℹ️ «Роҳат» чойхонаси 1958 йили очилган. Бино меъмор Константин Терлецкий, муҳандис Даниил Гендлин ва халқ устаси Мирзораҳмат Алимовлар иштирокида қурилган. Чойхона миллий услубдаги безаклар билан безатилган. Бу бутун Марказий Осиёдаги Совет даврининг энг ёрқин ёдгорликларидан бири бўлган Тожикистоннинг ўзига хос белгисидир. 2017 йили CNN «Роҳат»ни дунёдаги энг яхши 11 чойхона рўйхатига киритганди.

Лоҳути театри Душанбеда очилган биринчи профессионал театрдир, у 1929 йили пайдо бўлган. Муассаса 1957 йилдан буён жойлашган бино «Роҳат» чойхонаси ёнида қурилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади