Тўқаев: Келгуси ўн йиллик Марказий Осиё учун ҳал қилувчи давр бўлади

Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Келгуси ўн йиллик Марказий Осиё учун ҳал қилувчи давр бўлади ва бу тарихий имкониятдан қанчалик самарали фойдаланиш минтақа мамлакатларига боғлиқ. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг «Казахстанская правда» газетасида чоп этилган «Марказий Осиё ренессанси: барқарор ривожланиш ва фаровонлик сари» мақоласида сўз юритилган.

«Бугунги деглобализация шароитида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик ўзини махсус цивилизация ҳудуди сифатида сақлаб қолиши учун ҳам, минтақани яхлит организм сифатида барқарорлаштириши учун ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Мамлакатларимиз ва халқларимиз тарихий ва маданий умумийлиги «бешлик» давлатларини ўзаро тўлдирувчи, бирлаштирувчи тамойил бўлиши керак», — дейди Қозоғистон раҳбари.

Унинг фикрича, минтақа давлатлари ушбу вазифани аъло даражада бажариб, унда «ишонч маконини ва умумий бўлинмас хавфсизлик»ни яратмоқда, шунингдек, ўзаро мустақиллик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилишга асосланган «ўзига хос Марказий Осиё ҳамкорлик формати»ни шакллантирмоқда.

Тўқаев минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг олти йўналишини, хусусан, иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, янги транспорт йўлакларини шакллантириш, сув, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, маданий алоқаларни уйғунлаштиришни урғулаб ўтди.

Қозоғистон президенти мудофаа соҳасида бирлашиш зарурлигини алоҳида таъкидлайди. «Марказий Осиё периметри бўйлаб давом этаётган мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият фонида мудофаа сиёсати ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиш зарурати пайдо бўлди. Минтақавий хавфсизлик архитектурасини яратиш, жумладан, Марказий Осиё учун хавфсизлик хатарлари ва уларнинг олдини олиш чоралари каталогини ишлаб чиқиш алоҳида аҳамиятга эга», — деб ёзади у.

Қозоғистон раҳбари минтақавий ҳамкорлик нафақат объектив ҳақиқат, балки ҳаётий зарурат эканини таъкидлаб, Марказий Осиёни нафақат Осиё ва Европа ўртасидаги боғловчи, балки халқаро муносабатларда глобал тортишишнинг янги марказига айланишга қодир алоҳида минтақавий актор сифатида ўзини кўрсатадиган вақти келганини таъкидлади.

Қозоғистон раҳбарининг мақоласи 9 август куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган икки тадбир: Япония иштирокидаги «Марказий Осиё+5» саммити ва минтақа давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашуви арафасида чоп этилган.