Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов 736 кишини афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда ТДХ давлат ахборот агентлиги хабар берди.
27 сентябрь куни нишонланадиган Мустақиллик куни муносабати билан «жиноят содир этгани учун судланган, лекин қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган фуқароларни афв этиш» акцияси ўтказилди. Давлат хавфсизлик кенгаши котиби, Туркманистон мудофаа вазири Бегенча Гундогдиевга озод қилинганларни тезроқ уйларига олиб бориш топширилди.
ℹ️ Туркманистонда маҳкумларни афв этиш акциялари мунтазам равишда ўтказиб келинади. Президент Қадр кечаси, Бетарафлик ва Мустақиллик кунларини нишонлаш арафасида тегишли фармонларни имзолайди. Ўтган йил сентябрь ойида республика мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Бердимуҳамедов 1180 маҳкумни афв этди. Сўнгги бир неча йил ичида 20 мингдан зиёд афв этилганлар озодликка чиқди.