Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов 1146 нафар чет эл фуқаросига мамлакат фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда ТДҲ давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Фармон 27 сентябрда нишонланадиган мамлакат Мустақиллиги куни муносабати билан имзоланган. Туркманистоннинг янги фуқаролари 29 миллат вакиллари бўлиб, мамлакатда доимий асосда яшайди. Яқин кунларда Давлат миграция хизмати биносида бўлиб ўтадиган паспорт тақдимотига тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, Туркманистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар ва хорижий ОАВ вакиллари таклиф этилади.
Яна 134 киши Туркманистонда яшаш рухсатномасини олди.
Ахборот агентлигининг таъкидлашича, «кўп йиллар давомида» 30 998 киши Туркманистон фуқаролигини олган. 5018 нафар хорижлик ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга яшаш учун рухсатномалар берилган.
ℹ️ 2019 йили Туркманистон 2014 йил ноябрь ойида БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги томонидан бошланган ўн йиллик #IBelong («Мен мансубман») кампанияси доирасида 2024 йилгача фуқароликсизликни бартараф этиш бўйича Миллий ҳаракатлар режасини тасдиқлади. Режа, жумладан, фуқаролик ва фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ислоҳ қилиш, фуқароликка кириш ҳуқуқига эга бўлганларнинг фуқаро сифатида рўйхатга олинишини таъминлашни ўз ичига олади.