Россиянинг Туркманистондаги элчихонаси виза бериш тўхтатилгани ҳақидаги хабарни рад этди

turkmenportal.com сайти фотосурати

Россиянинг Туркманистондаги элчихонаси ОАВда Россиянинг Ашхободдаги консуллиги туркман фуқаролари учун сайёҳлик визалари беришни тўхтатгани ҳақидаги ахборотни рад этди. Бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди, деб хабар беради дипломатик миссия ўзининг Telegram-каналида.

Дипломатлар консуллик бўлими одатдагидек ишлаётганини таъкидлайди. Бу сўзларни исботлаш учун статистик маълумотлар келтирилади, унга кўра, сўнгги икки ҳафта ичида туркман фуқароларига 6000 га яқин виза берилган, улардан 2800 таси ўқиш учун, яна 2200 таси туризм учун. Бундан ташқари, саккиз мингга яқин киши Россия Федерациясига киришга рухсат олиш учун электрон навбат тизимида рўйхатдан ўтган.

Элчихонанинг фикрича, бундай «фейк»лар Россия-Туркманистон муносабатларини обрўсизлантириш ва Россия Федерацияси обрўсига путур етказиш мақсадида чоп этилади. Одатда ёлғон маълумотлар манбалари аниқланмайди ёки «аноним» сифатида белгиланади, дея қўшимча қилади ваколатхона.

Дипломатлар таъкидлашича,

Россия ва Туркманистон ўз фуқароларининг ҳаракатланишини чеклаш бўйича музокаралар олиб бормаяпти.

Шунингдек, элчихонанинг медиа-ресурсида қонунга кўра, Россия Федерациясига ташриф буюришни хоҳловчи хорижликлар суҳбатдан ўтиши кераклиги, унда сафар мақсади сўралган виза турига мос келмаслиги мумкинлиги эслатиб ўтилган. Бу факт, шунингдек, Россияга кириш учун рухсат олишда била туриб сохта ҳужжатлар тақдим этилиши виза берилмаслик учун асосий сабаб бўлиши қайд этилган.

Фурсатдан фойдаланиб, дипломатик миссия Туркманистон фуқароларидан визага мурожаат қилишда воситачилар хизматидан фойдаланмасликни сўрайди ва элчихона веб-сайтида консулликка мустақил равишда мурожаат қилиш учун барча керакли маълумотлар борлигини қўшимча қилади.

Эслатиб ўтамиз, туристик визалар бериш тўхтатилгани ҳақидаги маълумотлар ўтган ҳафта пайдо бўлганди. Ўшанда журналистлар Туркманистон сайёҳлик агентлиги ходимининг бу чекловлар вақтинчалик экани ва тез орада бекор бўлишини тахмин қилаётганини ёзишганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ