Ўзбекистонлик хоккейчилар катталар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида қачон ва қаерда ўйнашини билиб олдилар

Ўзбек хоккейчилари. afisha.uz сайти фотосурати

Хоккей бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва ёшлар терма жамоаси 2025 йилги жаҳон чемпионатида қачон ва қаерда дебют ўйнашини билиб олишди.

Ўзбекистон терма жамоаси илк бор расмий турнирда – Жаҳон чемпионатининг IV дивизионида иштирок этади. Турнир 13-19 апрель кунлари Ереванда бўлиб ўтади. Ўзбекистон жамоасининг рақиблари Арманистон, Эрон, Қувайт, Малайзия ва Индонезия терма жамоалари бўлади.

Қизиғи шундаки, Ўзбекистон терма жамоасининг қандай шакллангани ҳақида маълумот ҳали эълон қилинмаган. Айни пайтда терма жамоада қайси хоккейчилар ўйнаши ва бу жамоага ким мураббийлик қилиши ҳам малум эмас.

Эслатиб ўтамиз, 21-27 апрель кунлари Истанбулда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати III дивизиони А гуруҳида Қирғизистон ва Туркманистон терма жамоалари баҳс олиб боради. Марказий Осиё жамоаларидан ташқари Туркия, Люксембург, Жанубий Африка ва Босния терма жамоалари ҳам юқори поғона учун кураш олиб боради.

Қозоғистон терма жамоаси 9-25 май кунлари Стокгольм ва Хернинг шаҳарларида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатининг олий дивизионида иштирок этади. Қозоғистонликлар В гуруҳида Чехия, АҚШ, Дания, Германия, Норвегия, Швейцария ва Венгрия терма жамоалари билан тўқнашади.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам жаҳон чемпионатида дебют ўйнайди. Ўзбекистон ўсмирлари 2025 йил 28 февралидан 6 мартга қадар Бангкокда ўтказиладиган III дивизионнинг В гуруҳида шайба суради. Таиланд, Туркманистон, Босния, ЖАР ва Люксембург шу гуруҳда бахслашади.

Қозоғистон ёшлар терма жамоаси 20-26 апрель кунлари Венгриянинг Секешфехервар шаҳрида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг I дивизиони (иккинчи кучли дивизион) А гуруҳида иштирок этади. Қозоғистонликларнинг олий дивизионга чиқишдаги рақиблари Украина, Австрия, Венгрия, Дания ва Словения бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ