ЖБ Ўзбекистонга ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион доллар ажратади

egemen.kz сайти фотосурати

Жаҳон банки директорлар кенгаши Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар кўринишида 800 миллион доллар ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда ЖБ матбуот хизмати хабар берди.

Маблағларни ажратиш 2023 йил декабрь ойида тасдиқланган. Улар Ўзбекистон ҳукуматига халқаро молия бозорларида мавжуд қарз олиш шартларига нисбатан пастроқ фоиз ставкалари ва узоқроқ тўлов муддати билан тақдим этилади. «Бу Ўзбекистонга муҳим молиявий ресурсларни тежашга ёрдам беради ва бу маблағлар шошилинч ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда қўлланилади», — дея тушунтиради кредит ташкилоти.

Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватанаётган ислоҳотлар дастури мамлакатнинг инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштиришга қаратилган. У қуйидаги соҳаларда аниқ натижаларга эришишни назарда тутади:

👉 ижтимоий ҳимоя тизимида: фуқароларнинг айрим тоифалари учун ишсизлик, касаллик ва оналик нафақалари қамровини кенгайтириш;

👉 гендер асосидаги зўравонликка қарши кураш бўйича: оилавий ва жинсий зўравонлик қурбонлари ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш;

👉 фермерларнинг қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлашда: ушбу ҳуқуқларга риоя этилишини кафолатлаш механизмларини ишлаб чиқиш;

👉ишбилармонлик муҳитини яхшилашда: инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишни кафолатловчи қонунчиликни ишлаб чиқиш;

👉 давлат молиясини бошқаришда: фискал рисклар тўғрисида ҳисобот бериш механизмларини ишлаб чиқиш ва давлат харидларини бошқаришни такомиллаштириш – бюджет маблағларидан фойдаланишда шаффофлик ва самарадорликни ошириш;

👉 иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича: иқлим ўзгаришига ҳисса қўшадиган атмосфера чиқиндиларини камайтириш ва иқтисодиётнинг энергияни энг кўп талаб қиладиган тармоқларида энергия самарадорлигини рағбатлантирувчи қонунчиликни ишлаб чиқиш;

👉 сув ресурсларини бошқаришда: сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сув етказиб берувчилар ва фойдаланувчилар масъулиятини кучайтириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш;

👉 атроф-муҳит ва иқлимга таъсирни баҳолашда: ҳокимият органларининг иқлим ўзгариши, атроф-муҳит омиллари ва ҳаво ифлосланишининг иқтисодиётнинг турли тармоқларига, шунингдек, одамлар саломатлиги ва фаровонлигига таъсирини баҳолаш бўйича салоҳиятини ривожлантириш;

👉 Иқлим барқарорлигига сармоя киритишда: хусусий инвесторлар томонидан амалга оширилаётган экологик тоза лойиҳаларга давлат инвестициялари улушини ошириш ва яшил иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш.

👉 темир йўл соҳасида: тармоқ самарадорлиги ва рентабеллигини ошириш, темир йўл инфратузилмасини модернизация қилишга хусусий инвестицияларни жалб этиш ва ушбу соҳада атмосферага чиқиндиларни камайтириш бўйича қонунчилик базасини такомиллаштириш;

👉 энергетика секторида: тармоқ самарадорлигини ошириш ва уни модернизация қилишга хусусий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида энергия тариф тизимини ислоҳ қилиш. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини тарифларнинг ошиши оқибатларидан ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий чора-тадбирларни амалга ошириш. Қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришда хусусий сектор иштирокини ошириш учун ҳуқуқий ва институционал базани такомиллаштириш.

ℹ️ Ўзбекистон 1992–1993 йиллари Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган. 2017 йили мамлакат президенти ўзгарганида, Жаҳон банки Ўзбекистонга молиявий ва таҳлилий ёрдамни сезиларли даражада оширди. Бугунги кунда республика Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги учинчи йирик мижози ва ушбу минтақада ХТА (ЖБ таркибидаги Халқаро тараққиёт ассоциацияси) ни энг кўп молиялаштирган мамлакат ҳисобланади. 2024 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги дастурининг умумий қиймати қарийб 6,07 миллиард доллар миқдоридаги 27 лойиҳадан иборат.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ