Тожикистон 🇹🇯 ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2022 йили қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, 2025 йил Халқаро музликларни сақлаш йили деб эълон қилинди. Бу ҳақда БМТ янгиликлар маркази хабар берди.
Музликларнинг эриши жиддий глобал муаммога айланди: сўнгги 20 йил ичида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни қамраб олган Ғарбий Тян-Шандаги музликлар 27 фоизга қисқарган. Антарктида ҳар йили ўртача 150 миллиард тонна, Гренландия эса 270 миллиард тонна музни йўқотмоқда.
2050 йилга келиб, ЮНEСКОнинг 50 та Жаҳон мероси объектларининг учдан биридаги музликлар йўқ бўлиб кетиши кутилмоқда. Улар ҳар йили 58 миллиард тонна музни йўқотмоқда, бу Франция ва Испаниянинг йиллик сув истеъмолига тенг. Натижада денгиз сатҳи 5 фоизга кўтарилган.
Музликлар 2 миллиардга яқин аҳолининг сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги ва гидроэнергетикасида муҳим рол ўйнайди.
14 минг музликнинг мингдан ортиғи аллақачон эриб кетган Тожикистонда бу муаммо кескин турибди. Марказий Осиёдаги сув ресурсларининг 60 фоизга яқини Тожикистон музликларидан олинади.
Халқаро музликларни асраш йилининг мақсади музликларнинг аҳамияти ва уларни келажак авлодлар учун ҳимоя қилиш зарурлиги тўғрисида хабардорликни оширишга қаратилган. 2025 йили Тожикистонда бу масалага бағишланган анжуман ўтказилади.
✅ Шу билан бирга, Марказий Осиёнинг аксарият давлатлари келаси йил мавзуларини белгилаб олишди:
🇺🇿Ўзбекистонда 2025 йил Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили деб эълон қилинди;
🇰🇿 Қозоғистонда — Иш касблари йили;
🇹🇲 Туркманистонда — Халқаро тинчлик ва ишонч йили.