Ташиев: Қирғизистон жанубини ўзбек криминал етакчиси Салим Абдувалиев назорат қилган

Камчыбек Ташиев. Фото с сайта knews.kg

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиевнинг айтишича, республика ҳудудининг бир қисми авваллари ўзбекистонлик тадбиркор Салим Абдувалиев томонидан назорат қилинган, хавфсизлик хизмати ходимига кўра, у криминал авторитет ҳисобланади. Бу ҳақда махсус хизмат раҳбари 16 январь куни олий таълим тизими ходимлари билан учрашувда маълум қилди, деб ёзади «Клооп».

Ташиевга кўра, «Салим бойвачча» номи билан ҳам танилган Абдувалиев Қирғизистон жанубини тўлиқ назорат қилган.

«Барча уюшган жиноий гуруҳларнинг етакчилари, йирик тадбиркорлар, ҳаттоки сиёсатчилар ва депутатлар ҳам унинг олдига боришган. Кейин эса унинг айтганларини бажаришган», — дея қўшимча қилган МХДҚ раҳбари.

Ўзбекистонлик шахс таъсири ҳақида гарираркан, Ташиев ўтган замон феълини ишлатган. Бу билан у бундай «таъсирлар» замони тугаганига ва энди республика мустақил равишда ривожланишига урғу берган.

Ташиев, шунингдек, маҳаллий криминал етакчиси Қамчибек Кўлбаевни йўқ қилингани масаласини ҳам кўтарган. Махсус хизмат бошлиғи бу шахсни йўқ қилиш буйруғини беришга мажбур бўлганини тан олган, чунки жиноят дунёси вакиллари давлат билан тенг бошқарув тизимини яратган ҳолда «бутун мамлакат бўйлаб ҳокимиятни қўлга киритишган».

«Уларнинг президенти бўлган — қонундаги ўғри, шунингдек вилоятлар, туманлар, ва шаҳарларни назорат қилувчи «кузатувчилари» бўлган. Улар тадбиркорлардан пул йиғишган. Давлат манфаати йўлида Қўлбаевни тугатиш бўйича қарор қабул қилишимга тўғри келди. Биз кейинчалик авторитет шериклари ва уюшган жиноий гуруҳлар етакчиларининг томирини қуритдик», — деган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси.

Ташиев ғурур билан таъкидлашича, бугунги кунда Қирғизистон Марказий Осиё ва бутун постсовет ҳудудида уюшган жиноий гуруҳлар мавжуд бўлмаган ягона давлатдир. Зобитнинг қўшимча қилишича, унинг қўмитаси жиноятчилардан миллиардлаб долларни мусодара қилган.

МХДҚ раҳбарига кўра, қирғизистонлик тадбиркорлар энди ҳеч кимга «ўлпон» тўламайди. Гарчи ҳукумат уюшган жиноий гуруҳларни мағлуб этган бўлсада, кейинчалик бизнесменлар саросимага тушиб қолишган ва югуриб-елиб, даромадларини кимлар билан бўлишишни билмай қолишган. Улар ҳатто махсус хизматларга ҳам мурожаат қилишган, дея аниқлик киритган Ташиев.

ℹ️ «Қирғиз Коля» лақаби билан танилган Қамчибек Кўлбаев энг машҳур қонун ўғриларидан бири бўлган. АҚШ разведка идоралари уни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига ва собиқ Совет Иттифоқининг энг кучли 10 та жиноят босслари сафига киритган.

Кўлбаев 2023 йил 4 октабрда хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган махсус операция чоғида ўлдирилган. Бир неча кундан кейин Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Коля-Қирғиз»нинг ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган барча активлари, шу жумладан унинг қариндошлари ва шерикларига расмийлаштирилганлари билан қўшиб, тахминан 1 миллиард долларни ташкил этишини хабар қилган.

Тез орада жиноятчи ва унинг яқинларига тегишли 720 та квартира давлат мулкига ўтган. Мулкнинг бир қисми ким ошди савдосига қўйилган.

ℹ️ Салим Абдувалиев — постсовет ҳудудидаги энг машҳур ҳомий ва хайриячилардан бири ҳисобланади. У жиноят оламининг вакили саналади, масалан, бир неча йил аввал АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси ўзининг дипломатик ёзишмаларида уни «ўзбек мафиясининг отаси» деб атаган.

2024 йил март ойида тадбиркор ўз ватанида ўқотар қуролларнинг ноқонуний савдоси учун олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ўзбекистондаги қатор оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, жорий йилнинг 12 январь куни 73 ёшли Абдувалиев саломатлиги туфайли ҳибсдан озод этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ