Саудия Арабистони Рамазон ойи олдидан тожикистонликларга гуманитар ёрдам кўрсатади

Гуманитар ёрдам бўйича келишув имзоланиши. Саудия Арабистонининг Тожикистондаги элчихонаси матбуот хизмати фотосурати

Саудия Арабистони Тожикистон фуқароларига қиймати 400 минг долларлик 7120 дона озиқ-овқат пакетларини тайёрлаган ҳолда гуманитар ёрдам кўрсатади. Акция «Озиқ-овқат савати-2025» лойиҳаси доирасида ва муқаддас Рамазон ойи муносабати билан ўтказилмоқда, деб хабар беради «Азия-Плюс» Қиролликнинг Душанбедаги элчихонасига таяниб.

Саудия Арабистони дипломатик идорасининг қўшимча қилишича, тўпламларнинг ҳар бири тахминан 70 килограмм оғирликда бўлади. Унга гуруч, ун, ўсимлик ёғи, шакар ва бошқа маҳсулотлар киради. Бу товарларнинг барчаси Тожикистон бозорларида харид қилинади.

«Тўпламлар беш кишилик оилага бир ой егулик учун ёрдам бўлади», — деб таъкидлайди элчихона ходимлари.

Шундай қилиб, Марказий Осиё республикасининг 35 мингга яқин аҳолиси гуманитар ёрдам олади. Озиқ-овқатга муҳтож фуқароларни танлаб олиш Қизил Ярим Ой Жамияти вакиллари билан биргаликда маҳаллий мутасаддилар томонидан амалга оширилади.

Саудия Арабистони элчихонаси, шунингдек, «Озиқ-овқат савати» кампанияси Қирол Салмон кўмак ва гуманитар ёрдам маркази ташаббуси эканини эслатади. Жорий йили мазкур лойиҳа дунёнинг 25 давлатида Рамазон ойи муносабати билан амалга оширилмоқда.

«Азия-плюс» шунингдек, Саудия Арабистони ўтган йили ҳам худди шундай кампания ўтказгани, бироқ ўшанда Душанбе аҳолисига кўмак берилганини эслатади. Пойтахтда 7,5 мингга яқин озиқ-овқат пакетлари тарқатилган.

ℹ️ Қирол Салмон кўмак ва гуманитар ёрдам маркази Тожикистонда ўз фаолиятини 2015 йили бошлаган. Ўшандан бери ташкилот соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани тиклаш, фуқароларни уй-жой билан таъминлаш бўйича кўплаб лойиҳаларни амалга оширган. Молиялаштириш ҳажми 16 миллион доллардан ошган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ