БМТнинг денгизга чиқиш имконияти йўқ давлатлар учинчи конференцияси Туркманистонда бўлиб ўтади

Рабаб Фатима ўнгдан иккинчи. mfa.gov.tm сайти фотосурати

Август ойида Туркманистонда БМТнинг денгизга чиқиш имконияти йўқ ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги TDX хабар берди.

БМТ Бош котиби ўринбосари ва БМТнинг энг кам ривожланган, денгизга чиқиш имконияти йўқ ривожланаётган давлатлар ва кичик ороллардаги ривожланаётган давлатлар бўйича Олий вакили Рабаб Фотима конференцияга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилиш учун Туркманистонга келди. 24 февраль куни Рабаб Фотима Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашувлар ўтказди. Томонлар ташкилий масалаларни ва тадбирнинг асосий ҳужжатларини тайёрлашни муҳокама қилдилар.

ℹ️ БМТнинг денгизга чиқиш имконияти йўқ ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференцияси ҳар ўн йилда бир марта ўтказилади. Биринчиси 2003 йил 28-29 август кунлари Олмаота шаҳрида (Қозоғистон), иккинчиси 2014 йил 3-5 ноябрь кунлари Вена шаҳрида (Австрия) бўлиб ўтди. Учинчи конференция дастлаб 2024 йил июнь ойида Руанданинг Кигали шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган эди, кейин тадбир ўша йилнинг декабрь ойида Ботсванада ўтказилишига қарор қилинди, аммо бу ҳам амалга ошмади.

👉 32 та давлат денгизга чиқиш имконияти йўқ ривожланаётган мамлакатлар ҳисобланади: Афғонистон, Арманистон, Озарбайжон, Боливия, Ботсвана, Буркина-Фасо, Бурунди, Бутан, Замбия, Зимбабве, Қозоғистон, Қирғизистон, Лаос, Лесото, Малави, Мали, Мўғулистон, Непал, Нигер, Парагвай, Молдова, Руанда, Шимолий Македония, Тожикистон, Туркманистон, Уганда, Ўзбекистон, Марказий Африка Республикаси, Чад, Эсватини, Эфиопия ва Жанубий Судан.

ℹ️ Денгизга чиқиш имкони бўлмаган мазкур давлатлар халқаро бозорларга чиқиш учун транзит мамлакатларга таянишга мажбур бўлади. Бу савдо ва транспорт харажатларининг ошишига, товарларни етказиб бериш муддатини узайишига ва транзит мамлакатларда сиёсий ва иқтисодий беқарорликка қарши заифлик кучайишига олиб келади. Натижада, мазкур давлатлар кўпинча тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг паст даражасига, чекланган экспорт имкониятларига ва секин иқтисодий ўсишга дуч келади. Бу мамлакатларда транспорт харажатлари қўшни давлатларникидан икки баравар кўп. Бундан ташқари, денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар билан чегарадош кўплаб транзит мамлакатлар ҳам ривожланаётган мамлакатлардир ва шунга ўхшаш иқтисодий муаммоларга дуч келишади. Бу эса улар ўртасидаги савдо ҳажмини чеклайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ