Ўзбекистон Миграция агентлиги ва Татаристондаги «Алабуга» махсус иқтисодий зонаси (МИЗ) раҳбарлари ҳамкорлик меморандумини имзоладилар. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар МИЗда ўзбекистонлик мутахассислар учун 10 минг бўш иш ўрни яратишга келишиб олдилар. Айни дамда «Алабуга»даги корхоналарда ушбу Марказий Осиё республикасининг 1150 нафар фуқароси меҳнат қилмоқда.
Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев Татаристонга сафари давомида корхонада меҳнат қилаётган ҳамюртлар билан учрашиб, уларнинг турмуш шароити билан яқиндан танишди. Ўзбекистонликлар қайси ишлаб чиқариш корхонасида ишлаётгани айтилмаган.
👉 Ишчи кучининг кескин танқислиги туфайли Россия корхоналари хориждан меҳнат мигрантларини тобора кўпроқ жалб қилмоқда. «Алабуга» корхоналарида кўпгина давлатлар фуқаролари ишлайди. Бу ерга Вьетнам, Бирма, КХДР ва бир қатор Африка мамлакатларидан ҳам ходимлар ёлланади. Жумладан, африкалик аёллар дронларни йиғишга таклиф қилинаётгани хабар қилинган. Ўтган йил апрель ойида мазкур иқтисодий зонага дронлар ҳужум қилганди, улардан бири «Алабуга Политех» ётоқхонасига қулаб тушганди. Ўшанда Россия, Шри-Ланка, Зимбабве, Руанда, Конго, Кения, Нигерия, Жанубий Судан ва Қирғизистоннинг 14 нафар фуқароси жароҳатланган.
ℹ️ «Алабуга» саноат-ишлаб чиқариш типидаги махсус иқтисодий зонаси 2006 йили ташкил этилган бўлиб, инвесторларга тўлиқ тайёр саноат, муҳандислик, транспорт ва божхона инфратузилмаси ҳамда қатор солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилган.
2023 йил октябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрида бўлганида «Алабуга» томонидан Бухоро вилоятида махсус иқтисодий зона ташкил этишга доир лойиҳа тақдимоти билан танишганди. МИЗ фаолиятининг биринчи босқичида 20 га яқин резидентни жалб қилиш режалаштирилган эди. Ўша йилнинг ноябрь ойида Россиянинг «Алабуга» ва «Химград» МИЗлари Қорақалпоғистонда ўз лойиҳаларини бошлашлари мумкинлиги маълум бўлганди. Жумладан, лойиҳани ишга тушириш учун Нукус шаҳридаги собиқ пахта терминали кўриб чиқилди.