Россия ИИВ 160 мингга яқин Ўзбекистон фуқаросини назорат остидаги шахслар реестридан чиқарди

Кирилл Кухмарь фотосурати/ТАСС

Россия Ички ишлар вазирлиги тахминан 160 минг Ўзбекистон фуқаросини назорат остидаги шахслар реестридан ўчирди. Ушбу фуқароларнинг 70 мингдан ортиғи миграция органлари билан ҳуқуқий мақоми ҳал қилингани сабабли қора рўйхатдан чиқарилган, қолганлари эса бошқа сабабларга кўра, жумладан, белгиланган муддат ичида Россия Федерациясидан чиқиб кетишлари сабабли чиқарилган. Марказий Осиё республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти атташеси Темурбек Ҳамидов ушбу статистикани «Дунё» нашрига берган интервьюсида келтириб ўтди.

Дипломатик маҳкама ходими меҳнат мигрантлари манфаатларини ҳимоя қилиш Ташқи ишлар вазирлиги учун устувор вазифа эканини таъкидлади. Бу соҳада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, жумладан, Россияда яшовчи ватандошлардан сўровлар ва шикоятларни қабул қилиш учун ишонч телефонлари ташкил этилмоқда. Ҳозирда Москвадаги Ўзбекистон элчихонасида, шунингдек, Россия Федерациясидаги барча республика консулликларида 24 соатлик колл-марказлари фаолият юритмоқда.

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижалари ҳақида гапираркан, Ҳамидов жорий йил январь-сентябрь ойлари оралиғида дипломатик ваколатхоналар мигрантларнинг 50 000 дан ортиқ мурожаатларини кўриб чиққанига оид статистикани келтирди. Улардан 3246 нафар фуқарога иш топиш ёки иш билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда ёрдам берилган. ТИВ ходимлари 381 нафар фуқарога виждонсиз иш берувчилардан 309 918 АҚШ доллари миқдорида маошни ундиришда ёрдам беришган.

Бундан ташқари, 1 323 нафар фуқарога иш берувчилар томонидан ноқонуний тарзда олиб қўйилган паспортлари қайтариб берилган. Оғир вазиятга тушиб қолган 552 нафар фуқарога 125 303 АҚШ доллари миқдорида молиявий ва моддий ёрдам кўрсатилган.

Ҳисобот даврида 84 409 нафар фуқаро Россиядаги Ўзбекистон консуллик идораларига легаллаштириш масаласи бўйича мурожаат қилган ва мутахассислар батафсил маслаҳатлар беришган. Олти минг нафар Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистон паспортини олиш учун ариза топширган.

Ҳужжатларини йўқотган ёки пулсиз қолган, шу жумладан, Россия ИИВнинг «Махсус ҳибисхона»ларида сақланаётган 1 929 нафар, жами 17 479 нафар фуқарога Ватанга қайтишда кўмаклашилган.

Ҳамидов шунингдек, унинг вазирлиги мигрантларга ҳужжатлар расмийлаштирилишни соддалаштириш учун Россия ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини айтди. Масалан, ҳужжатларни расмийлаштириш, чиқишдан олдин ўқитиш ва меҳнат мигрантларини тестдан ўтказишни уйдаёқ амалга ошириш, яъни Тошкент ва Жиззахдаги Россия олий ўқув юртлари филиалларида, рус тили, тарихи ва Россия Федерацияси қонунчилигини ўргатиш бўйича ўқув марказларини ташкил этиш бўйича мулоқот бўлиб ўтган.

Дипломатнинг қўшимча қилишича, миграция масалалари яқинда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ҳам муҳокама қилинган. Мунозара Россия Федерациясидаги иммигрантларнинг фарзандлари учун мактабгача ва мактаб таълимидан фойдаланиш имконияти, шунингдек, уларнинг оилалари билан ишлаш имкониятларига қаратилган. Хавфсизлик текширувлари ва рейдлар музокараларнинг алоҳида диққат марказида бўлган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари бундай ҳаракатлар фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини бузмасдан, тўғри ва инсон қадр-қимматини ҳурмат қилган ҳолда амалга оширилиши кераклигини таъкидлаганлар.

ℹ️ Чет элликларни чиқариб юбориш ва назорат остидаги шахсларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун 2024 йил ёзида «Крокус сити холл»га уюштирилган терактдан сўнг қабул қилинган. Реестрга киритилган чет элликлар чиқариб юборилиши керак ва, хусусан, улар юридик шахслар ва мулкни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

ИИВ томонидан назорат қилинадиган тизим шу йилнинг 5 февралида ишга туширилган эди. Бундан сал олдин вазирлик вакиллари Россияда 670 минг мигрант ноқонуний яшаётганини, уларнинг ярмидан кўпи аёллар ва болалар эканини хабар қилишган эди.

Назорат остидаги шахслар реестри ишга туширилганидан бир неча кун ўтгач, инсон ҳуқуқлари фаолларига чет эллик фуқаролардан керакли рухсатномаларга эга бўлишларига қарамай, уларни асоссиз равишда қора рўйхатга киритишганига оид шикоятлар келиб туша бошлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ