Мирзиёев Каримов давридаги пахта сиёсатини танқид остига олди

Шавкат Мирзиёев Сирдарё фермерлари билан учрашувда. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда 27 йил давомида пахта етиштириш илмий ёндашувларсиз олиб борилган, шу сабаб одамлар далаларда азоб чекишган. Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда 4 декабрь куни Сирдарё вилояти фермерлари билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» нашри «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетига таяниб.

«Умримиз пахтада бекор ўтган экан. 27 йил қийналганмиз. Шу пахта деган балони ҳаммамиз далада кўрдик, биримиз икки бўлмади. <…> Илм йўқ, тажриба йўқ, билимсиз урра-урра қилиб юравердик. Ҳаммани далага чиқариб, пул бермадик, техника бермадик, олимларни писанд қилмадик. 25 центнер ҳам қилолмадик-ку [Сирдарё] вилоят бўйича. <…> Энг катта нарса ишлаб чиқарган пахтамиз, қилган харажатимизни ҳам қопламасди-да», — деди Мирзиёев.

Таққослаш учун президент ҳозирги ҳосилдорлик кўрсаткичларини келтиради. У гектаридан 85 центнер ҳосил йиғиб олган жиззахлик фермерни тилга олди. Сирдарёда бўлиб ўтган учрашувда маҳаллий фермер пахтанинг «87» навидан 76 центнер ҳосил йиғиб олганини таъкидлаб, буни мўъжиза деб атади. Унинг қўшимча қилишича, одамлар энди ўз меҳнатидан ҳақиқий даромад олаётгани учун бу ишга тобора кўпроқ қизиқишмоқда. Мирзиёев пахтакорлар гектаридан 50 центнер ҳосил йиғиб олсалар, Ўзбекистон қандай даромад олиши мумкинлиги борасида саволни ўртага ташлади.

Президент мамлакат ҳозирда тўғри йўлда эканини, аммо ишларни мукаммаллаштириш зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистон 2026 йили 4,5 миллион тонна пахта етиштиришни мақсад қилган. Таққослаш учун, мамлакат 2025 йили пахтадан 3,765 миллион тонна ҳосил олганди.

Пахтачиликда устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйиш орқали ҳосилдорликни 60 центнердан оширган илғор фермерларни 30 центнердан кам ҳосил олган фермерларга бириктириш таклиф қилинди. Илғор фермерлар Қишлоқ хўжалиги малака ошириш институтида қайта тайёрланиб, уларга сертификат берилади. Паст ҳосил олган фермерларда ҳосилдорлик камида 50 центнердан ошса, уларга бириктирилган илғор фермерларга 5 миллион сўмдан (417 доллар) мукофот пули берилади.

ℹ️ Мажбурий пахта терими Ўзбекистонда ўнлаб йиллар давомида — Совет даврида ҳам, мамлакат мустақиллигидан сўнг, Ислом Каримов президентлиги даврида (1991-2016) ҳам амалда бўлиб келган. Ҳар йили давлат ва хусусий ташкилотлар ходимлари, талабалар ва мактаб ўқувчилари пахта далаларига оммавий равишда сафарбар қилинарди. 2000-йилларнинг ўрталарида халқаро Cotton Campaign каолицияси Uzbek Cotton Pledge акциясини ташкил этди, унга тахминан 300 та кийим-кечак брендлари қўшилди. Улар мажбурий меҳнатга барҳам берилмагунча, ўзбек пахтасидан фойдаланмасликка ваъда беришди.

Вазият Каримов даврида 13 йил (2003-2016) Бош вазир лавозимида ишлаган Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши билан ўзгарди. Расмийлар аҳолини пахта теримига оммавий равишда сафарбар қилишни ва мактаб ўқувчиларини бу ишга жалб қилишни тўхтатди. Пахтачилик роли камайди, аммо муҳимлигича қолди. 2022 йил март ойида Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилди. Ўша йил кузда Қўшма Штатлар ўзбек пахтасини болалар ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан олиб ташлади.

Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати аввалгидек пахта хомашёсини сотишдан эмас, балки ундан тайёрланган қўшимча қийматга эга маҳсулотлар экспортидан даромад олишга интилмоқда. 2017 йили мамлакатда пахта толасининг атиги 40 фоизи қайта ишланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 100 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, Ўзбекистон энди пахтани АҚШдан ҳам импорт қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ