Осиё инфратузилма инвестиция банки (ОИИБ) президенти Цзоу Цзяи бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига (ИЦМ) ташриф буюрди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.
Дастлаб делегация Марказнинг «Шон-шараф зали»ни кўздан кечирди. Бу ерда Марказий Осиё заминидан етишиб чиққан буюк алломалар ва давлат арбоблари сиймоси меъморий ва бадиий ечимлар орқали мужассам этилган. Исломгача бўлган даврга бағишланган бўлимда қадимги Хоразм, Сўғдиёна ва Бақтрия маданияти, «Авесто» мероси ва археологик топилмалар тақдим этилган.
Кейин меҳмонлар «Буюк Ипак йўли харитаси» кўргазмасини, «Биринчи Ренессанс» ва «Иккинчи Ренессанс» бўлимларини, шунингдек, мамлакатнинг сўнгги йиллардаги ислоҳотлари, халқаро ҳамкорлик соҳалари ва инфратузилма лойиҳаларини намойиш «тувчи «Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори» залини кўздан кечирдилар.
«Намойиш этилган экспозициялар ниҳоятда маълумотларга бой ва таълимий аҳамиятга эга. Биз сизнинг буюк маданиятингиз, бой анъаналарингиз ва илмий меросингиз ҳақида жуда кўп янги маълумотларга эга бўлдик. Тарихингиз ва маданиятингиз илм-фан ва билим билан чамбарчас боғлиқ эканини кўрдик. Мен бундан катта таассурот олдим ва буни юксак қадрлайман», — деди Цзяи.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган. Марказнинг очилиши 2026 йил баҳорига режалаштирилган.



