Даврон Вахабов (чапда) ва Аюбхон Юнусов Ҳалабдаги Ўзбекистон-Сурия савдо уйи очилиши маросимида. Ўзбекистон ССП матбуот хизмати фотосурати
Ўзбекистон компаниялари Сурияга етказиб бериш учун биринчи товарлар партиясини тайёрлади. Бу ҳақда республика Савдо-саноат палатаси (ССП) маълум қилди.
Тез орада Ўзбекистондан Сурия бозорига ўнта юк машинаси жўнатилади. Жумладан: 4 та юк машинасида маиший техника; 4 та юк машинасида ёғ-мой маҳсулотлари; 2 та юк машинасида автомобил эҳтиёт қисмлари ва мотор мойлари етказиб берилади.
Маҳсулотлар ассортименти бир нечта манфаатдор компаниялар иштирокидаги музокаралар давомида Сурия томони билан олдиндан муҳокама қилинган. Мулоқотни Республиканинг Қувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов ва ССП раиси Даврон Вахабов олиб борган. Учрашув давомида Сурия бозорида ўзбек маҳсулотларига бўлган талаб, логистика йўналишлари ва 21 май куни Ҳалабда очилган биринчи Ўзбекистон-Сурия савдо уйи кўмагида маҳсулотларни тақдим этиш масалалари муҳокама қилинган.
2025 йил ноябрь ойи охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сурия, Ироқ ва Афғонистон бозорларига жадал кириб бориш масаласини кўтарганди. Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатларда электроника, тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари, автомобиллар, фармацевтика ва қурилиш материалларига 30 миллиард долларлик талаб мавжуд. Президент 2026 йили Савдо-саноат палатаси Ироққа учта ва Сурияга иккита савдо маслаҳатчисини юборишини маълум қилди.
Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Вахабовнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон компаниялари Ироққа ҳар йили 1 миллиард долларлик электр ускуналари, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришга қодир (у эълон қилинган пайтда бу ҳажм 50 миллион долларни ташкил этганди). Сурия бозорида шунингдек, озиқ-овқат, электр ускуналари, автомобиллар, эҳтиёт қисмлар ва мойлаш материаллари каби кенг турдаги маҳсулотларга талаб мавжуд. Ўзбекистоннинг Сурияга экспорти 2026 йили 100-150 миллион долларга етиши мумкин.



