British Petroleum «50-60 йил стратегик ҳамкорлик мақсадида» Ўзбекистон бозорига кириб келмоқчи

Бокудаги учрашувда. «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати фотосурати

Британиянинг British Petroleum (BP) компанияси Ўзбекистонда бир неча ўн йиллар давомида ишлаш нияти борлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган «Baku Energy Week – 2026» халқаро энергетика ҳафталиги доирасида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ва ВР компанияси вице-президенти Гордон Биррелл ва Озарбайжон-Грузия-Туркия минтақаси бўйича катта вице-президенти Жованни Кристофоли ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар конструктив ҳамкорликни, шунингдек, Британия компаниясининг Устюртда (Ўзбекистон) амалга оширилаётган маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим (МТБ) лойиҳасидаги иштирокини юқори баҳоладилар.

Йиғилишда геофизик маълумотларни шарҳлашни якунлаш муддатини қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Сангинов Устюртдаги лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш ва 2027 йил охирида бурғулаш ишларини бошлашни таклиф қилди. Учрашув иштирокчилари лойиҳа босқичларини оптималлаштириш ва амалий жараёнларни тезлаштириш юзасидан фикр алмашдилар.

BP раҳбарияти компания фаолиятининг асосий тамойилларидан бири ҳар бир мамлакатда узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш эканини таъкидлади.

«Биз фаолият юритаётган мамлакатларда ўнлаб йиллар давомида ишлаймиз. Ўзбекистон бозорига ҳам қисқа муддатли эмас, балки 50–60 йил стратегик ҳамкорлик мақсадида кириб келмоқдамиз», — деди ВР вакиллари.

Ўз навбатида, «Ўзбекнефтгаз» раҳбари ВР нинг Ўзбекистондаги муваффақиятли фаолияти учун зарур бўлган омилларни таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, нефт-газ саноатига замонавий технологияларни кенг жорий этиш муҳим масалалардан биридир.

«Бугунги кунда соҳада бурғилаш ишларидан тортиб, ишлаб чиқариш занжирининг барча босқичларигача компаниямиз учун янги ёндашувлар зарур. Кўплаб жараёнлар эски технологиялар асосида амалга оширилмоқда», — деди Сангинов.

Британия томони АҚШда жойлашган юқори унумдор суперкомпьютерлар ва замонавий алгоритмлардан фойдаланган ҳолда қатламлар контекстида сейсмик маълумотларни чуқур таҳлил қилиш имкониятига эга эканини маълум қилди. ВР вакиллари ушбу инновацион ечимлар ва илғор рақамли технологияларни Ўзбекистон нефт ва газ саноатига жорий этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

ℹ️ BP (British Petroleum) — бош қароргоҳи Лондонда жойлашган трансмиллий нефт ва газ компанияси. Бу дунёдаги иккинчи йирик нефт ва газ компанияси ҳисобланади. Энг катта бўлинма АҚШдаги BP America ҳисобланади.

2026 йил 13 май куни ВР Озарбайжоннинг SOCAR ва «Ўзбекнефтгаз» компанияси билан биргаликда Ўзбекистоннинг Шимолий Устюрт ҳудудидаги олтита нефт ва газ блоклари бўйича маҳсулот тақсимоти бўйича битим имзолади. Гап Бойтерак, Теренгқудуқ, Бирқори, Харой, Қорақалпоқ, Қулбой массивлари ҳақида бормоқда. ВР 40 фоиз, «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR 30 фоиздан улулшга эга бўлди.

Маҳсулот тақсимоти битими дастлаб 2025 йил 24 июлда SOCAR, «Ўзбекнефтгаз» ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўртасида имзоланган. Ҳозирда лойиҳа биринчи босқичда, SOCAR оператор сифатида сейсмик ишларни амалга оширмоқда.

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда