Қозоғистон Конституциявий суди хавфсизлик нуқтаи назаридан алоқа ва интернетни ўчиришга рухсат берди

www.gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон махсус хизматлари фавқулодда вазиятларда интернет ва мобил алоқага киришни чеклаш ҳуқуқига эга бўлади. Конституциявий суд шундай хулосага келди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Ulysmedia.kz хабарига кўра, Олмаота фуқароси Елжан Кабишев 2022 йил январь воқеалари (Қантар) пайтида интернет ва мобил алоқа ўчирилишининг қонунийлигига қарши Конституциявий судга шикоят қилган. Унинг таъкидлашича, фавқулодда ҳолат эълон қилиш тўғрисидаги фармонда алоқани ўчириш тўғридан-тўғри кўрсатилмаган.

У шунингдек, «Алоқа тўғрисида»ги қонуннинг 41-1-моддаси 1-2-бандлари унинг сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатиш ҳамда суд ҳимоясига оид ҳуқуқларини бузади, деб ҳисоблайди. Ушбу қоидага кўра, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарияти шошилинч ҳолатларда тармоқлар ва алоқа ускуналарининг ишлашини, шунингдек, интернет ресурсларига ёки уларда жойлаштирилган маълумотларга киришни тўхтатиб қўйиши мумкин. Агар вазият оғир ёки ўта оғир жиноятларнинг содир этилишига олиб келиши мумкин бўлса ёки жиноий гуруҳ томонидан тайёрланаётган ёки содир этилган жиноятлар билан боғлиқ бўлса, бундай чораларга йўл қўйилади.

Туман, шаҳар судлари ва Олий суд Кабишев далилларини инкор этишди. Конституциявий суд, шунингдек, у эътироз билдирган қоида Конституцияга мувофиқ деган хулосага келди. Бироқ, Конституциявий суд қонуннинг баъзи матнлари жуда ноаниқлигича қолганини таъкидлайди. Масалан, унда «шошилинч иш» нимани англатишини ва алоқани чеклаш учун жиноят таҳдиди қанчалик реал бўлиши кераклигини билиш лозим. Шунинг учун ҳукуматга алоқани узиш асосларини, бундай чекловларнинг давомийлигини ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш тартибларини аниқроқ белгилаш тавсия қилинди.

2022 йил январь ойи бошида Қозоғистонда газ нархининг икки баравар ошиши фонида норозилик намойишлари бошланди ва у оммавий тартибсизликларга айланиб кетди. Ўшанда президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш бўлганини эълон қилди ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди, алоқа ва интернетда узилишлар бўлди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди ва фавқулодда ҳолат 19 январда бекор қилинди. Тартибсизликлар натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатида 238 нафар одам қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ