Қозоғистон Спорт вазирлиги шахматчи Бибисара Асаубаева танқидига муносабат билдирди

vlast.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги шахматчи Бибисара Асаубаеванинг шикоятларига жавоб берди, у илгари президент Қосим-Жомарт Тўқаевга маошнинг қисқариши, молиялаштириш муаммолари ва давлат мукофоти кечиктирилаётгани бўйича мурожаат қилган эди, деб хабар беради Vласть.kz.

Шошилинч матбуот анжуманида Спорт вазири ўринбосари Серик Жарасбаев 2026 йили Асаубаева турли манбалардан тахминан 210 миллион тенге (430 000 доллар) миқдорида ёрдам олганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, молиялаштириш Қозоғистон шахмат федерацияси, Sport Qory спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва бошқа ташкилотлар орқали амалга оширилган.

Шу билан бирга Жарасбаев вазирлик ресурслари анча чекланганини таъкидлади. Вазирлик Қозоғистондаги деярли барча федерацияларни, жумладан, йирик халқаро спорт лойиҳаларини Спорт ва туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали молиялаштиради.

«Менимча, битта спортчи учун, машғулотлар учун, бу пул, ҳеч бўлмаганда, спортчининг юқори халқаро даражада рақобатлашиши учун етарли бўлиши керак», — дея мулозим сўзларини келтиради «Курсив.kz».

Давлат мукофотига келсак (Бибисара Асаубаева II даражали «Барыс» орденини олиш учун Остонага уч марта учиб келганини айтади, аммо маросим ҳар сафар қолдирилган), Спорт вазирлиги ҳозирда уни «спортчининг бандлиги сабаб» шахматчига топшира олмаяпти, деб таъкидлайди вазир ўринбосари. У мукофот Асаубаева Қозоғистонга келиши биланоқ топширилишига умид билдирди.

Бибисара Асаубаева мустақил Қозоғистон тарихидаги энг муваффақиятли шахматчилардан бири ҳисобланади. Таразда туғилган ва FIDE халқаро гроссмейстери уч марта (2021, 2022 ва 2025 йиллари) Жаҳон блиц чемпионатида ғолиб чиққан ва аёллар шахмати тарихида ушбу унвоннинг энг ёш соҳиби ҳисобланади. Шунингдек, у рапид бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган, Осиё чемпионатида ғолиб чиқдқанва FIDE аёллар номзодлари турнирида иккинчи ўринни эгаллаган. Ассаубаева аёллар ўртасидаги жаҳон шахмат тожи учун асосий саралаш турнирига йўллланмани қўлга киритган Қозоғистоннинг биринчи вакили бўлади.

Бир кун олдин спортчи Қозоғистон спорт расмийларини танқид қилганди. Шунга ўхшаш шикоятлар илгари фигурали учиш бўйича Олимпия чемпиони Михаил Шайдоров томонидан ҳам билдирилган эди, у ҳам тўловлар кечикаётгани ва бюрократик муаммолардан шикоят қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ