Европа инвестиция банки Тошкентда Марказий Осиё бўйича фаолият юритадиган ваколатхонасини очди

Европа инвестиция банки (ЕИБ) Марказий Осиё бўйича ўзининг минтақавий ваколатхонасини расман Тошкентда очди. Бу ҳақда муассаса матбуот маркази маълум қилди.

Очилиш маросими 18 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтди. Уни банкнинг минтақадаги операцияларига масъул вице-президенти Марек Мора ўтказди.

“Минтақавий ваколатхонани очиш қарорини қабул қилаётганда, биз Марказий Осиё қанчалик тез ўзгараётгани ва сифатли инвестицияларга бўлган талаб қанчалик юқори эканини ҳисобга олдик. Жойида бўлиш бизга тезроқ ҳаракат қилиш, ҳамкорларимиз билан янада яқинроқ ишлаш ва ғояларни аниқ лойиҳаларга айлантириш имконини беради”, — деди Марек Мора ваколатхона очилишига изоҳ бераркан.

Европа инвестиция банки Европа Иттифоқининг молиявий бўлими бўлиб, дунёдаги энг йирик кўп томонлама ривожланиш банкларидан бири ҳисобланади. 2025 йилда ЕИБ гуруҳи 100 миллиард евро миқдорида янги молиялаштириш ва консалтинг хизматлари бўйича келишувлар имзолаган бўлиб, бу 870 дан ортиқ юқори таъсирли лойиҳаларни қамраб олади.

Марказий Осиёда ЕИБ 2009 йилдан буён фаолият юритади. Шу вақт давомида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги лойиҳалар бўйича бир қатор келишувлар имзоланган. 2025 йил апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё биринчи саммити доирасида ЕИБнинг Global Gateway стратегияси асосида минтақа бўйича янги ташаббуслар эълон қилинди.

Ҳозирда Европа инвестиция банкининг Марказий Осиё бўйича умумий лойиҳалар портфели 3 миллиард еврога яқинлашмоқда. Инвестициялар транспорт, энергетика, сув таъминоти, рақамли инфратузилма ҳамда иқлим барқарорлигини ошириш соҳаларига йўналтирилган.

Асосий йўналишлар қаторида Транскаспий транспорт йўлагини қўллаб-қувватлаш, шунингдек йирик гидроэнергетика лойиҳалари — Роғун ГЭС ва Қамбарота ГЭС-1 қурилиши киради.

Ўзбекистон 2017 йилда имзоланган рамкали келишувдан сўнг ЕИБ учун минтақадаги муҳим ҳамкорга айланди. Ҳозирда банк Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан ҳамкорликда инвестициялар портфелини шакллантирмоқда. Ушбу портфел, мавжуд лойиҳалар ва меморандумларни ҳисобга олганда, 1 миллиард евро миқдорида баҳоланмоқда.

Бу маблағлар Транскаспий транспорт йўлаги бўйлаб экологик тоза, интеллектуал ва хавфсиз транспортни қўллаб-қувватлашга, тоза энергетикага инвестициялар киритишга ҳамда сув ресурсларини барқарор бошқаришга йўналтирилиши мумкин.

Шунингдек, хавфсиз рақамли боғланишни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги етказиб бериш занжирларини мустаҳкамлаш ва маҳаллий вакцина ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга критик аҳамиятга эга хомашё соҳасида маҳаллий қиймат занжирларини ривожлантириш ҳам асосий йўналишлар қаторига киради.

Молиялаштириш турли механизмлар орқали амалга оширилади: суверен ва субсуверен кредитлаш, давлат-хусусий шерикликлар (ДХШ), хусусий секторни тўғридан-тўғри молиялаштириш, улушли молиялаштириш ҳамда аралаш молиявий ечимлар.

Инвестициялардан ташқари, Европа инвестиция банки минтақада маслаҳат хизматларини ҳам кенгайтирмоқда. Илк мисол сифатида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида EIB Global ва «Ўзсувтаъминот» АЖ ўртасида ниятлар декларацияси имзоланди. Томонлар «Сурум» тозалаш иншооти лойиҳаси бўйича давлат-хусусий шериклик асосида маслаҳат кўмаги бериш имкониятини ўрганмоқда. Ушбу иншоот суткасига 300 минг кубометр қувватга эга бўлиб, Тошкент шаҳридаги канализация инфратузилмасини тубдан модернизация қилиш ва аҳоли учун санитар хавфсизликни яхшилашга хизмат қилади.