Буюк Британиянинг собиқ бош вазири, Глобал ўзгаришлар институтининг ижроия раиси Тони Блэр Тошкентдаги Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар қилди.
Меҳмонлар делегациясини Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов кутиб олди. Уларга мажмуа концепцияси, унинг илмий-маданий мазмуни ҳамда халқаро аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тони Блэрга исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, ХХ асрдаги Ўзбекистон тарихи, «Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс» концепцияси, шунингдек, жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей экспозициялари намойиш этилди.
Марказда Ўзбекистоннинг маданий мероси билан боғлиқ бўлиб, хорижий коллекциялар ва халқаро аукционлардан қайтарилган ноёб артефактларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, делегация аъзоларига Буюк Британиядан Ўзбекистонга қайтарилган экспонатлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Тони Блэр Муқаддас Қуръон залига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган Усмон мусҳафи ҳамда турли тарихий даврларга мансуб қўлёзма Қуръон нусхалари билан танишди.
Ташриф якунлари бўйича Буюк Британиянинг собиқ бош вазири мазкур марказни ўзи дунёнинг турли мамлакатларида кўрган «энг ҳайратланарли масканлардан бири» деб атади.
«Марказ Ислом цивилизацияси, унинг бой мероси ва Ўзбекистоннинг уч Ренессанси ҳақида чуқур тасаввур беради. Бу ернинг руҳи — уйғунлик, бағрикенглик, тинчлик ва инсонларни бирлаштириш ғояларига асосланган. Шу маънода, Марказ нафақат музей, балки халқлар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқот майдонидир», — деди Блэр.
Шунингдек, у Марказнинг Оксфорд ва Кембриж университетлари билан ҳамкорлигини ҳам алоҳида эътироф этди.
«Бу ерда намойиш этилаётган айрим артефактлар аввал Буюк Британияда бўлган, эндиликда эса улар ўз тарихий заминида турибди. Умид қиламанки, бу ҳолат фақат ўтмиш билан боғлиқ рамз бўлиб қолмайди, балки Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги келажак ҳамкорлиги учун муҳим белгига айланади» — деди у.
Ташриф якунида Тони Блер Марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдирди. Фирдавс Абдухолиқов меҳмонга буюк алломалар ҳаёти ва илмий фаолияти, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли ҳамда Учинчи Ренессанс ғоялари акс этган нашрни эсдалик совғаси сифатида тақдим этд
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



