Ўзбекистон ва АҚШ ўзаро савдода имтиёзли тариф режимлари бўйича келишувга эришди

Жеймисон Грир ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўзаро бозорларга кириш имкониятларини кенгайтириш бўйича келишувга эришди. Шу муносабат билан томонлар товарлар экспортида имтиёзли тариф режимларини жорий этади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов LinkedIn саҳифасида маълум қилди.

Урунов импорт-экспорт битимлари бўйича ўзаро тариф имтиёзлари келишувини Тошкентда бўлиб ўтган музокараларнинг энг муҳим амалий натижаси деб атади. Ушбу музокараларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШнинг савдо вакили Жеймисон Грир иштирок этди.

Келишувларга мувофиқ, республика ҳамкорларига саноат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кенг турлари учун қулай тариф режимини тақдим этади. Бу эса мазкур товарларга нисбатан божхона божларини камайтириш ёки бутунлай бекор қилишга олиб келади. Мулозимнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳам ўз навбатида ўзбек товарларига нисбатан тариф чораларини қайта кўриб чиқиш ва амалдаги қонунчиликда белгиланганлардан ташқари қўшимча божлар жорий этмаслик мажбуриятини олади.

Уруновнинг қўшимча қилишича, тегишли ҳужжатлар тўплами «дастлабки» хусусиятга эга. Эришилган келишувларни якуний расмийлаштириш яқин ҳафталар ичида якунланади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон президентининг махсус вакили маълум қилишича, томонлар икки давлат манфаатларини мувозанатлаштириш, Марказий Осиё республикасининг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш жараёнини илгари суриш ва якунлаш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш имконини берувчи кенг қамровли рамкавий келишув юзасидан музокаралар ўтказиш ниятида. Шунингдек, ўзаро савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш бўйича тўлиқ форматдаги битимни ишлаб чиқиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Тошкент ва Вашингтон ўртасида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) доирасидаги музокаралар якунлангани ҳақидаги расмий икки томонлама баённома 2024 йил ноябрь ойида имзоланган эди. Шундан сўнг Америка томони ҳужжатларни адолатли савдо қоидаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан батафсил ўрганишга киришди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни якуний босқичда турибди. Режага кўра, ушбу жараён жорий йилнинг ўзида якунланиши кутилмоқда.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий алоқалар сезиларли даражада мустаҳкамланмоқда. Хусусан, аввалроқ икки давлат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп 32 миллиард долларлик шартномалар имзоланганини маълум қилган эдилар. Улар қаторида Тошкентнинг 8,5 миллиард долларлик Boeing самолётларини харид қилиши ҳам бор.

Бундан ташқари, АҚШ муҳим стратегик минералларни қазиб олиш соҳасига инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Жумладан, Orion корпорацияси бошқа компаниялар билан консорциум таркибида Марказий Осиёдаги лойиҳаларни қамраб олувчи 20 миллиард долларлик глобал инвестиция портфелини шакллантириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Табиий ресурсларга эга, замонавий технологиялар ва инвестицияларга эҳтиёж сезаётган Ўзбекистон мазкур ташаббус учун табиий ҳамкор сифатида баҳоланмоқда.

Шунингдек, АҚШнинг Traxys компанияси ҳам Ўзбекистоннинг минерал ресурсларига қизиқиш билдирмоқда. Компания республикани ўзининг энг устувор ва стратегик аҳамиятга эга ҳамкорларидан бири сифатида баҳоламоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ