Туркманистоннинг Мари вилояти аҳолиси электр энергияси деярли йўқлигидан шикоят қилмоқда

Туркманистоннинг жануби-шарқида жойлашган Мари вилоятида электр узилишлари кузатилмоқда. Вилоятнинг катта қисмида электр кунига атиги бир неча соатга берилади, деб хабар беради “Азатлиқ” радиоси (Озодлик радиосининг минтақавий бюроси).

Маҳаллий аҳоли журналистларга айтишича, электр таъминотидаги узилишлар бир неча ойдан буён давом этмоқда, аммо сўнгги кунларда вазият янада оғирлашган. Кўплаб туманларда электр эрталаб икки соат, кундузи эса уч соатгагина бериляпти. Шу вақт ичида одамлар телефонларини тезроқ қувватлаб олишга ҳаракат қилишмоқда, чунки кечаси ёритиш учун доимий равишда қўл чироқларидан фойдаланишга тўғри келади.

«Электр бўлган пайтда оиламиздаги барча аъзолар ҳаммом эшиги олдида навбатга туриб, тез-тездан чўмилишга мажбур бўлади. Шу икки соат ичида сув идишларини тўлдириш, мобил телефонларни қувватлаш, кийимларни дазмоллаш ва бошқа кўплаб ишларни бажариб улгуришимиз керак», — дея «Озодлик» мухбирининг суҳбатдоши шикоят қилади.

Муаммони янада оғирлаштираётган омиллардан бири — ҳозир вилоятда ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилганидир. Бундан ташқари, аҳоли уйларига электр энергияси паст кучланишда — меъёрдаги 220 вольт ўрнига атиги 110–120 вольт билан етказиб берилмоқда. Шу сабабли кўплаб маиший техника воситалари, жумладан музлатгичлар ва кондиционерлар ишламаяпти.

Бундай электр таъминоти режими туфайли идоралар ва тижорат ташкилотлари фаолияти ҳам деярли издан чиққан. Дўкон эгалари нақд пулсиз тўловларни қабул қилиш учун терминаллардан фойдалана олмаяпти, банкларда эса банкоматлар орқали нақд пул ечиб олишда муаммолар юзага келмоқда.

Мари шаҳри ва бошқа шаҳарлар аҳолиси қоронғи кўчаларни тасвирга олиб, видеоларни интернетга жойламоқда ҳамда уларга электр энергияси мунтазам ўчирилаётгани ҳақидаги ҳикояларни илова қилмоқда. Бироқ, уларнинг айтишича, сўнгги вақтларда бундай ҳаракатлар ҳукумат органлари эътиборини тортмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари бундай материаллар муаллифларини топиб, уларни гаджетларидаги видеофайлларни ўчириб ташлашга мажбур қилмоқда.

Шу билан бирга, давлат оммавий ахборот воситаларида вилоятдаги электр энергияси танқислиги ҳақида хабар берилмаяпти. Мари вилояти маъмурияти ҳамда Туркманистон Энергетика вазирлиги журналистларнинг қўнғироқларига жавоб бермаган.

Айни пайтда мамлакатнинг ушбу қисмида Мари ИЭС — Марказий Осиёдаги энг йирик электр станцияларидан бири фаолият юритади. Бироқ, бундай йирик энергетика иншоотининг мавжудлиги маҳаллий аҳолига деярли наф келтирмаяпти — улар ҳамон электр энергияси таъминотидаги мунтазам узилишларга чидашга мажбур.

Эҳтимол, бу ҳолатга станцияда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг катта қисми экспорт қилинаётгани ҳам таъсир кўрсатаётган юзлиши мумкин. Жумладан, очиқ манбаларда келтирилишича, Мари ИЭС Афғонистон, Эрон, Покистон ва Ўзбекистонга электр энергияси етказиб беради.