Олмаота шаҳри Ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди Россия сўровига биноан қўлга олинган чечен фаоли Мансур Мовлаевнинг экстрадиция мақсадида қамоқда сақлаш муддатини 20 ойгача узайтирди. Бу ҳақда унинг адвокати Елена Жигаленок Vласть.kz нашрига маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, одатда экстрадиция мақсадида қамоқда сақлашнинг энг кўп муддати 12 ойни ташкил этади. Агар шу вақт ичида шахсни топшириш тўғрисидаги сўров келиб тушмаса ёки экстрадиция рад этилса, у озод қилинади ва мамлакатни тарк этиши мумкин.
«Ушбу ҳолатда Россия томонидан экстрадиция қилиш ҳақида расмий сўров юборилган ва Қозоғистон Бош прокуратураси уни қаноатлантирган», — деди Жигаленок.
Шу билан бирга, Мовлаевни экстрадиция қилиш ҳозирча амалга оширилмаяпти. Бунга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси томонидан қабул қилинган вақтинчалик ҳимоя чоралари, шунингдек, унинг Қозоғистон Олий судида кўриб чиқилаётган кассация шикояти сабаб бўлмоқда.
Адвокатнинг сўзларига кўра, шахсни топшириш тўғрисида қарор қабул қилингач, Қозоғистон қонунчилиги қамоқда сақлаш муддатини 12 ойдан ортиқ вақтга узайтиришга рухсат беради. Бу муддат экстрадицияни сўраётган давлат қонунчилигида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилишнинг энг юқори муддатигача давом этиши мумкин.
«Ҳозир барча умид БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг вақтинчалик чораларига боғлиқ. Қозоғистон уларга риоя қилиб, Мансурни Россияга топширмаслигига умид қиламиз. Кассация шикояти бўйича қарор июль ойи охири — август ойи бошида чиқиши кутилмоқда», — деди Жигаленок.
Мовлаев Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров режимига қарши чиқувчи «Адат» мухолифат ҳаракати иштирокчиси ҳисобланади.
2020 йили Россияда Мовлаев гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи айби билан судланган. Бироқ, чечен фаоллари Иброҳим ва Байсангур Янгулбаевларнинг таъкидлашича, унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши сохталаштирилган.
2022 йили шартли равишда муддатидан олдин озодликка чиққанидан сўнг, Мовлаевнинг айтишича, уни Чеченистон полицияси ходимлари ўғирлаб кетган ва махфий қамоқхонада ушлаб туришган. Кейинчалик у қочишга муваффақ бўлиб, Қирғизистонга борган, сўнгра Россияга топширилиш хавфи туфайли у ерни ҳам тарк этган. Қочиб кетганидан сўнг Мовлаев Олмаота шаҳрида яшай бошлаган ва мураббий бўлиб ишлаган. Шу билан бирга, Россияда унга нисбатан экстремизмга оид жиноят иши бўйича федерал қидирув эълон қилинган.
2025 йил май ойида фаол Россия сўровига биноан Олмаотада қўлга олинган. 2026 йил январь ойида Қозоғистон Бош прокуратураси уни экстрадиция қилиш тўғрисидаги сўровни қаноатлантирган. 23 февраль куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Мовлаевнинг шикоятини рўйхатга олди ва иш тўлиқ кўриб чиқилгунга қадар Қозоғистонга уни экстрадиция қилишдан тийилиб туришни тавсия қилди.



