UNCITRAL арбитраж трибунали Қозоғистон ҳукуматига Қашаған кони оператори — North Caspian Operating Company (NCOC) консорциумидан 2,3 триллион тенге (4,8 миллиард доллар) миқдоридаги экологик жаримани мажбурий ундириш чораларини кўришни тақиқлади. Бу ҳақда Reuters компания баёнотига таяниб хабар берди.
NCOC компанияси жаримани асоссиз деб ҳисоблайди ва унга қарши даъво қилмоқда — ҳам Инвестиция низоларини ҳал қилиш халқаро марказида (ICSID), ҳам UNCITRAL арбитражида.
«Арбитраж трибунали якуний арбитраж қарори чиқарилгунига қадар Қозоғистон Республикасига жаримани мажбурий ундириш бўйича ҳар қандай чораларни кўришни тақиқловчи таъминлов чорасини қабул қилди», — дея маълум қилди компания.
Консорциум Қозоғистон ҳукумати таъминлов чораларига риоя қилиши ва халқаро суд жараёнларининг боришига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳаракатларни амалга оширмаслигига умид билдирди.
Аввалроқ Қозоғистон Адлия вазири ўринбосари Даниель Ваисов NCOC 20 июлга қадар жаримани тўлаши кераклигини, акс ҳолда давлат мажбурий ундириш жараёнини бошлашини айтган эди.
Қозоғистон ва Қашаған кони оператори ўртасидаги низо 2022 йилдан бери давом этмоқда. Ўша пайтда ҳукумат томонидан ўтказилган экологик текширув объектда 1,2 миллион тоннадан ортиқ олтингугуртнинг меъёрдан ортиқ сақланганини, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигининг бошқа бузилишларини аниқлаган. Улар қаторига етарлича тозаланмаган оқова сувларни чиқариш ва зарур рухсатномаларсиз газ ёқиш ҳолатлари ҳам киритилган.
Қозоғистон судлари, жумладан Олий суд ҳам, ушбу масалада ҳукумат томонини олди ва NCOC компаниясининг текширув натижалари ҳамда қўлланилган жаримани бекор қилиш ҳақидаги даъволарини қаноатлантиришни рад этди.
Шуни таъкидлаш лозим, ҳозирги суд жараёни — Қозоғистон ҳукумати консорциум иштирокчиларига қарши бошлаган бир нечта ишларнинг фақат бири ҳисобланади. Қозоғистон, шунингдек, Қашаған лойиҳасини ишлаб чиқувчиларга қарши халқаро арбитражда зарарни қоплаш бўйича даъволар киритган. Bloomberg ёзишича, уларнинг умумий миқдори 160 миллиард доллардан ошади. Бу сумманинг катта қисми йўқотилган даромаддан иборат, аммо унга атроф-муҳитга етказилган деб тахмин қилинаётган зарар ва коррупция билан боғлиқ йўқотишлар ҳам киритилган.
Қашаған — Қозоғистоннинг Каспий денгизидаги секторида жойлашган биринчи денгиз нефть-газ кони ҳисобланади. Унинг қазиб олинадиган нефть захиралари 9 миллиарддан 13 миллиард баррелгача баҳоланади. NCOC — Қашаған кони оператори. Консорциум таркибига қуйидаги компаниялар киради: KMG Kashagan B.V. (16,877%), Shell Kazakhstan Development B.V. (16,807%), Total EP Kazakhstan (16,807%), AgipCaspian Sea B.V. (16,807%), ExxonMobil Kazakhstan Inc. (16,807%), CNPC Kazakhstan B.V. (8,333%) ва Inpex NorthCaspian Sea Ltd.



