«Толибон»* ҳаракати вакиллари, Эрон ҳамда Тожикистон ҳукуматлари уч томонлама қуруқлик транспорт йўлагини ташкил этиш бўйича келишувга эришди. Унга кўра, Афғонистон ҳудуди ушбу мамлакатлардан бошқа давлатларга юбориладиган тижорат юклари учун транзит йўлаги сифатида фойдаланилади. Бу ҳақдаги келишувлар Эроннинг Машҳад шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда тасдиқлангани ҳақида «Озоди» радиоси ( Озодлик радиосининг тожик хизмати) толибларнинг Транспорт ва фуқаро авиацияси вазирлигига таяниб хабар берди.
Режага кўра, август ойидаёқ Эрон Афғонистон орқали Тожикистонга товарларнинг биринчи синов партиясини жўнатади. Теҳроннинг фикрича, ушбу синов ташуви мазкур йўналишнинг харажатларини ва юзага келиши мумкин бўлган логистик муаммоларни баҳолаш имконини беради.
Эрон оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, томонлар келгусида маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, юк машинаси ҳайдовчиларига махсус визалар бериш тартибини соддалаштириш, чегараларда кутиш вақтларини қисқартириш ҳамда юкларни ўзаро суғурталаш тизимини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузади. Мазкур масала, шунингдек транспорт йўлагини ишга туширишга оид бошқа ташкилий музокараларнинг иккинчи босқичида муҳокама қилинади. Ушбу учрашув Афғонистон пойтахти Қобул шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Тожикистон ҳукумати уч томонлама келишув ҳақида изоҳ бермаган. Бироқ, «Ховар» агентлиги Марказий Осиё республикаси делегацияси Теҳронга ташриф буюргани ҳақида хабар берган. Делегацияга Тожикистон Транспорт вазири ўринбосари Шоиста Саидмуродзода раҳбарлик қилган. Учрашувда Портлар ва денгиз кемачилиги ташкилоти ҳамда Эрон темир йўллари раҳбарияти билан логистика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган. Жумладан, транзит йўналишлари орқали юк ташиш ҳажмини ошириш ва Эроннинг Чобаҳор портида хаб ташкил этиш ҳақида сўз борган.
Ҳозирги вақтда Эрон ва Тожикистон ўртасидаги товар ташиш ишлари асосан Марказий Осиё давлатлари ҳудуди орқали ўтувчи қуруқлик йўналишлари орқали амалга оширилмоқда. Расмий статистикага кўра, жорий йилнинг дастлабки уч ойида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 119,6 миллион долларга етган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга кўпдир.
Эрон Ислом Республикасидан Тожикистонга асосан озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан сут маҳсулотлари, шакар, мевалар, сабзавотлар, шунингдек қурилиш материаллари ва ювиш воситалари етказиб берилади. Қайта йўналишда эса катта партияларда пахта толаси ва қайта ишланмаган алюминий экспорт қилинади.
Таъкидланишича, толиблар қўшни Покистон билан муносабатлар кескин ёмонлашганидан сўнг Афғонистоннинг шимоли ва ғарби орқали ўтувчи муқобил савдо йўналишларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қарата бошлаган. Бу муносабатлар чегарада тез-тез содир бўлаётган қуролли тўқнашувлар ҳамда авиация ва оғир ҳарбий техника қўлланган зарбалар алмашинуви билан янада кескинлашган.
*Ташкилот террорчилик ташкилоти деб тан олинган ва қатор мамлакатларда тақиқланган.



