Ўзбекистон ва Покистон Хитой орқали транзит йўли билан ўзаро савдо олиб боришга келишиб олди

Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлари икки томонлама савдо учун Хитой ҳудуди орқали ўтувчи транспорт йўналишидан фойдаланишга келишиб олди. Ушбу йўл Афғонистон орқали транзитга муқобил бўлиши кутилмоқда. Афғонистон орқали ўтиш Кобул ва Исломобод ўртасидаги қуролли можаро сабабли мураккаблашган. Бу ҳақда UzDaily.uz нашри Pakistan Today манбаларига таяниб хабар берди.

Тегишли ҳужжатлар Ўзбекистон Бош вазир ўринбосарининг Покистонга ташрифи доирасида расмийлаштирилади. Хусусан, томонлар давлатлар ўртасидаги транзит савдоси тўғрисидаги келишувга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги протоколни имзолайди. Унга кўра, Хитой орқали ўтувчи йўналиш рухсат этилган транспорт коридорлари рўйхатига киритилади.

Янги схемага кўра, юклар Хитой билан чегарада жойлашган Покистоннинг логистика маркази — Сост қуруқ порти орқали Хитойнинг ғарбий қисмига, у ердан эса Марказий Осиё давлатларига етказиб берилади. Ўзбекистон эса Покистоннинг денгиз портларидан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолади.

Юк ташиш учун янги йўналишни жорий этиш ҳақидаги қарор, аввало, ҳамкорларнинг товарларни етказиб бериш йўлида хавфсизликни таъминлашга бўлган интилиши билан боғлиқ. Гап шундаки, яқин вақтларга қадар энг қисқа ва шунинг учун иқтисодий жиҳатдан энг мақбул йўналиш Афғонистон орқали ўтувчи маршрут ҳисобланган. Шунингдек, айнан шу йўл Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон темир йўли лойиҳаси учун асос сифатида кўрилган эди.

Бироқ, Кобул ва Исломобод ўртасидаги муносабатлар кескинлашганидан сўнг вазият ўзгарди. Жумладан, ўтган йил октябрь ойида Торҳам ва Чаман чегара ўтиш пунктлари ёпилди, натижада транспорт коридори деярли ишламай қолди.

Муқобил вариант сифатида савдо ҳамкорлари Эрон йўналишини ривожлантиришни бошладилар. Бироқ бу мамлакатдаги вазият ҳам Эрон Ислом Республикаси ва АҚШ ўртасидаги чўзилиб кетган можаро сабабли ёмонлашди. Шунинг учун ҳозир Хитой орқали ўтувчи йўлнинг аҳамияти кескин ошди.

Нашр таъкидлашича, айнан ушбу йўналиш, масофаси узунроқ ва эҳтимолий логистика харажатлари юқорироқ бўлишига қарамай, Ўзбекистон ва Покистон томонидан стратегик муқобил вариант сифатида кўрилмоқда. Бу йўл транзит ташувларини диверсификация қилиш ва ягона йўналишга қарамликни камайтириш имконини беради.

Pakistan Today нашри қўшимча қилишича, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги товар айланмаси қарийб 446 миллион долларга етган. Марказий Осиё республикасига экспорт ҳажми 121 миллион долларни ташкил этган бўлса, қарама-қарши йўналишда 325 миллион долларлик юклар ташилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз мамлакати орқали транзит йўналишларини ривожлантириш зарурлигини бир неча бор таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Трансафғон темир йўли қурилганидан сўнг республика Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик коридорининг асосий бўғинига айланади. Шу билан бирга, Покистон портлари орқали Ҳинд океани ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун янги имкониятлар очилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ