ХМТ: Тожикистонга қайтган мигрантларнинг учдан бири иш топа олмаган, уларнинг даромади 70 фоизга камайган

asia-today.news сайти фотосурати

Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) томонидан ўтказилган сўровда иштирок этган ҳар учинчи шахс Тожикистонга қайтганидан сўнг ишсиз қолган. Шу билан бирга, респондентларнинг ўртача ойлик даромади уч баравардан кўпроқ қисқарган — хориждаги 943 доллардан ўз юртида 309 долларга тушган. Бу ҳақда ХМТнинг Тожикистондаги ваколатхонаси 2025 йил учун йиллик ҳисоботида сўз юритилади.

Қайтиш миграцияси бўйича тадқиқот доирасида мутахассислар Тожикистоннинг бешта вилояти ва 12 та туманида 2197 нафар кишидан сўров ўтказган. Респондентлар қайтишнинг асосий сабаблари сифатида оилавий ҳолатлар, ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар, депортация, саломатлик ёмонлашуви ва Россиядаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни кўрсатган. Айрим мигрантлар меҳнат шартномалари тугагани ёки ишлаш учун рухсатнома олишдаги қийинчиликлар сабабли қайтган.

Қайтиш миграцияси мамлакатнинг барча ҳудудларида қайд этилган, аммо энг кўп ҳолатлар Суғд вилояти ва республикага бўйсунувчи туманларда кузатилган.

Тадқиқот иштирокчиларининг аксарияти қайтишидан олдин қурилиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлаган. Ватанга қайтгач, сўралганларнинг ҳар учдан бири иш топа олмаган, ишга жойлашганларнинг даромадлари эса сезиларли даражада камайган.

Эркакларнинг ўртача ойлик иш ҳақи хориждаги 1017 доллардан Тожикистонда 321 долларга тушган. Аёлларнинг даромади эса 681 доллардан 254 долларга камайган. Одамлар жамғарма тўплай олишолмаяпти, уларга кундалик асосий харажатларни қоплаш қийин бўлмоқда.

Сўралганларнинг деярли ярми яна чет элга ишлаш учун кетиш нияти борлигини билдирган. Улар асосан Россияга боришни режалаштирмоқда.

ХМТда таъкидланишича, кўплаб фуқаролар ишни қариндошлари ва танишлари орқали изламоқда. Шу билан бирга, уларнинг молиявий аҳволига оилаларини қўллаб-қувватлаш зарурати ва хорижда ишга жойлашиш шартлари ҳақида ишончли маълумот етишмаслиги таъсир кўрсатмоқда.

Ташкилот фуқароларни чет элга чиқишдан олдин тайёрлашни кучайтириш, ҳуқуқий ёрдамни кенгайтириш, ҳужжатларни расмийлаштириш, иш топиш ва касбий таълим олишда кўмаклашишни тавсия қилапди. Алоҳида эътиборни аёлларга, шунингдек, бандлик дастурларини, микромолиялаштириш ва қайтиб келган мигрантларни ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини ривожлантиришга қаратиш таклиф этилмоқда.

Қайд этилишича, меҳнат мигрантлари ўз мамлакати иқтисодиётига сезиларли ҳисса қўшмоқда. Масалан, экспертлар баҳосига кўра, 205 йилнинг дастлабки тўққиз ойида хориждан Тожикистонга юборилган пул ўтказмалари 50 фоизга ошган. 2024 йили бундай операциялар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 45,4 фоизини ташкил этган ва бу нисбий кўрсаткич бўйича дунёдаги энг юқори натижа бўлган.

Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг таъсирини ҳукумат вакиллари ҳам эътироф этади. Масалан, Маҳаллий ривожланиш қўмитаси раиси Камолиддин Муминзоднинг маълум қилишича, ўтган йили мигрантлар ва хорижда яшаётган бошқа ватандошлар маблағлари ҳисобидан республикада умумий қиймати 188 миллион сомонидан (20 миллион доллардан ортиқ) зиёд бўлган 288 та объект қурилган. Улар орасида спорт майдончалари, болалар боғчалари ва мактаблар, ошхоналар ва меҳмонхоналар, саноат корхоналари бор. Шунингдек, ушбу маблағлар ҳисобидан йўллар ва инфратузилма объектлари ҳам таъмирланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ