Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги келишувларга ўзгартишлар киритишни топширди

t.me/aqorda_resmi фотосурати

Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги амалдаги келишувларга ўзгартиш киритиш юзасидан музокараларни бошлашни топширди. Тегишли фармойишлар 27 июль куни имзоланиб, расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди. Бунга The Insider нашри эътибор қаратди.

Гап Қозоғистон билан 2013 йил 24 декабрда имзоланган ҳамда Ўзбекистон билан 2016 йил 29 ноябрда тузилган ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар ҳақида бормоқда. Музокаралар якунларига кўра, Россия ҳукумати ушбу ҳужжатларга ўзгартиш киритиш бўйича протоколларни имзолаши керак.

Айни пайтда мазкур келишувларга қандай ўзгартишлар киритилиши режалаштирилганига аниқлик киритилмаган.

Амалдаги келишувлар нафақат Россия қурол-яроғини етказиб беришни, балки ҳарбий мақсаддаги маҳсулотларни ўзаро алмашишни ҳам тартибга солади. Улар доирасига қурол-яроғ ва ҳарбий техника, ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасидаги ишлар ва хизматлар, ҳарбий-техник ахборот, технологиялар, интеллектуал фаолият натижалари, шунингдек, конструкторлик, техник, технологик ва эксплуатация ҳужжатлари киради.

Бундан ташқари, келишувлар қурол-яроғни таъмирлаш ва модернизация қилиш, қўшма илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишларини ўтказиш, қўшма ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва мутахассисларни тайёрлашни ҳам назарда тутади.

Етказиб беришлар томонларнинг ваколатли ташкилотлари ўртасида тузилган шартномалар асосида амалга оширилади. Ҳарбий мақсаддаги маҳсулотларни олиб кириш ва олиб чиқиш Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ваколатли давлат органлари тасдиқлайдиган рўйхатлар асосида бажарилади. Шу тариқа, мазкур келишувлар қурол-яроғ, бутловчи қисмлар ва уларга оид хизматларни ўзаро етказиб бериш имконини беради.

Мазкур ташаббус Россия ҳарбий-саноат мажмуасига қарши амал қилаётган Ғарб санкциялари фонида илгари сурилди.

Россия Украинага кенг кўламли босқинни бошлаганидан сўнг Европа Иттифоқи Россияга қурол-яроғ, ҳарбий ва икки хил мақсадда қўлланилиши мумкин бўлган маҳсулотлар, жумладан электрон ва оптик компонентлар, двигателлар ҳамда дронлар учун бутловчи қисмларни экспорт қилишни тақиқлади. Худди шундай чекловларни АҚШ ҳам жорий этиб, уларни Россия мудофаа саноатида қўлланилиши мумкин бўлган технологиялар, дастурий таъминот ва ускуналарга нисбатан татбиқ қилди.

Бундан ташқари, АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Япония Россия қурол-яроғ ишлаб чиқариш учун харид қилишга интилаётган, деб ҳисобланадиган 50 тоифадаги товарлар рўйхатини шакллантирди. Унга микросхемалар, радионавигация ускуналари, конденсаторлар, оптик асбоблар, подшипниклар, авиация бутловчи қисмлари ва рақамли дастурий бошқарувга эга станоклар киритилган. Ғарб давлатлари бундай товарлар санкцияларга қўшилмаган мамлакатлар орқали Россияга етказиб берилиши мумкинлиги ҳақида бир неча бор баёнот берган.