2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга 9,3 миллиард доллар миқдорида пул ўтказмалари келиб тушган. Бу ҳақда мамлакат Марказий банки маълум қилди.
Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга кўпдир. Ўша вақтда Ўзбекистонга 8,2 миллиард доллар маблағ келиб тушган эди. Шунингдек, бу 2021 йилдаги кўрсаткичдан (3,3 миллиард доллар) қарийб уч баробар кўпдир.
Ўзбекистондан хорижга чиқарилган маблағлар ҳажми 1,3 миллиард долларни ташкил этган. Натижада ижобий сальдо 8 миллиард долларга етган. 2025 йил биринчи ярми якунларига кўра эса бу кўрсаткич 7 миллиард доллар бўлган.
Марказий банкда таъкидланишича, пул ўтказмаларининг катта ҳажми йилнинг биринчи ярмида валюта курсининг барқарор сақланишидаги асосий омиллардан бири бўлган. Бунга экспорт тушумларининг ўсиши ва юридик шахслар томонидан валюта таклифи ортиши ҳам таъсир кўрсатган.
Миллий валюта курси 11 935 — 12 320 сўм/АҚШ доллари оралиғида ўзгариб турган ва ҳисобот даври якунига кўра 12 009 сўм/АҚШ долларини ташкил этган. Бу йил бошидаги даражага деярли тенг бўлган.
Аҳоли тижорат банкларига 12,3 миллиард доллар миқдорида валюта сотган. Бу 2025 йилнинг биринчи ярмидаги кўрсаткичга (9,1 миллиард доллар) нисбатан қарийб 1,4 баробар кўпдир. Фуқаролар эса 6,8 миллиард доллар миқдорида валюта сотиб олган — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоиз кўп (5,4 миллиард доллар).
Натижада аҳоли томонидан таклиф этилган хорижий валюта ҳажми унга бўлган талабдан 5,5 миллиард долларга ошиб кетган.
Аввалроқ Марказий банк Ўзбекистонга келаётган пул ўтказмалари умумий ҳажмида Россия улуши камайганини маълум қилганди — 77,6 фоиздан 72,4 фоизгача. Шу билан бирга, бошқа давлатларнинг улуши ошган. Жумладан, Қозоғистон улуши 1 фоизга ошиб, 4,1 фоизга етган. Жанубий Корея улуши ҳам 4,1 фоизни ташкил этган бўлиб, у 0,6 фоизга ўсган.



