Покистон Қозоғистонга юкларни транзит қилиш учун ўз портларидан фойдаланишни таклиф қилди

Карачи порти. King Eliot / Wikimedia Commons / CC BY-SA 4.0

Покистон Қозоғистонга юкларни транзит қилиш учун ўзининг Карачи, Қосим ва Гвадар денгиз портларидан фойдаланишни таклиф қилди ҳамда қўшма логистика лойиҳаларини ривожлантиришга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда Покистон Ахборот ва телерадиотарқатиш вазирлиги ахборот департаменти денгиз ишлари бўйича федерал вазир Муҳаммад Жунайд Анвар Чаудрининг Қозоғистон элчиси Ержан Қистафин билан учрашуви якунлари бўйича маълум қилди.

Чаудрининг сўзларига кўра, Покистон портлари нафақат Қозоғистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун ҳам транзит хабларига айланиши мумкин. Улар Форс кўрфази, Африка ва Жануби-Шарқий Осиё бозорларига чиқиш имконини таъминлайди.

Бундан ташқари, Покистон эркин иқтисодий зоналарда қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Томонлар, шунингдек, денгиз ташувларини ривожлантириш, савдо жараёнларини соддалаштириш ҳамда икки мамлакатнинг тегишли идоралари ва порт операторлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Шу билан бирга, ҳозирча аниқ йўналишлар, ташиладиган юк ҳажмлари ва лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари очиқланмаган.

2026 йил июнь ойи ўртасида Қозоғистон Бош вазири ўринбосари — Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин Покистон портларига чиқиш мамлакат транспорт стратегиясини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири эканини айтган эди.

Унинг сўзларига кўра, вариантлардан бири Эрон орқали ўтадиган йўналиш бўлиб, унда юкларни Эрон портларида қайта юклаш ва кейин Карачи портига жўнатиш кўзда тутилади. Муқобил вариант сифатида эса Афғонистон орқали ўтувчи Транс-Афғонистон йўлаги кўриб чиқилмоқда. Ушбу йўналиш Қозоғистонга Афғонистон—Покистон қуруқ портига, кейин эса Карачи портига чиқиш имконини беради.

«Бизда “Шарқ — Ғарб” йўналиши бор, аммо тўлиқ эркин ҳаракат қилиш учун Қозоғистонга портларга чиқиш ниҳоятда муҳим. Бу мамлакатимизнинг келгуси ривожланиши кафолатларидан биридир. Менимча, бу авлодимиз олдида турган асосий вазифалардан бири», — деб таъкидлади Жумангарин.

Қозоғистон ва Покистон ўртасида транзит-транспорт ҳамкорлигини ривожлантириш масаласи президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг ўтган қишда Исламабодга амалга оширган давлат ташрифи давомида ҳам муҳокама қилинган эди.

Ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистон ва Покистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 105,6 миллион долларни ташкил этган. Томонлар ўрта муддатли истиқболда ушбу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда.