Қирғизистон президенти ишлари бошқарувчиси Қанибек Туманбаев амалдаги Россия паспортига эга. Шу тариқа, мулозим Марказий Осиё республикаси қонунчилигини бузган ҳисобланади, чунки унга кўра хорижий фуқаролар давлат лавозимларини эгаллаши мумкин эмас. Иккинчи паспорт мавжудлиги «Клооп» ва Temirov Live нашрлари журналистлари томонидан аниқланган, кейинчалик бу маълумотни The Insider суриштирувчилари ҳам тасдиқлаган.
ОАВ маълумотларига кўра, 2022 йил май ойидан буён президент Садир Жапаровнинг ишлари бошқарувчиси лавозимида ишлаб келаётган Туманбаев Россия фуқароси паспортини 2006 йилда олган. Тегишли ҳужжат Волгоград шаҳрининг Тракторозавод тумани ички ишлар бўлими томонидан берилган.
Журналистларнинг таъкидлашича, 2018 йил июнь ойида Қирғизистон фуқароси Россия Федерациясининг Краснодар ўлкаси Анапа шаҳридаги Федерал миграция хизмати бўлимида янги паспорт олган. Айни пайтда амал қилаётган ҳужжат ҳам айнан шу паспорт ҳисобланади.
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Туманбаев 1981 йил 30 сентябрда туғилган. Россия қонунчилигига мувофиқ, у яқин орада 45 ёшга тўлиши муносабати билан паспортини алмаштириши керак бўлади. Бунинг учун 90 кун муддат берилади. Агар президент ишлари бошқарувчиси жорий йил охиригача Россия паспортини алмаштирмаса, ҳужжат ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бироқ бу Россия фуқаролигидан маҳрум бўлишини англатмайди. Фуқароликдан чиқиш учун белгиланган ҳужжатлар тўпламини тақдим этишни назарда тутувчи алоҳида тартиб мавжуд.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам Туманбаев Қирғизистон президенти ишлари бошқарувчиси этиб тайинланишидан анча аввал икки давлат фуқаролигига эга бўлган. Демак, у ё Россия паспорти борлигини яширган, ёки иш берувчи бу ҳолатга эътибор қаратмаган.
Шу билан бирга, журналистлар қайд этишича, амалдор Қирғизистоннинг хорижий фуқароларга сиёсий ва махсус давлат лавозимларини, шунингдек, давлат органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллашни тақиқловчи учта қонуни талабларини бузган бўлиши мумкин. Хусусан, бу қоидалар қуйидаги ҳужжатларда белгиланган:
✅ Қирғизистон Конституциясининг 38-моддаси;
✅ «Фуқаролик тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддаси (ушбу қонун иккинчи фуқаролик мавжудлиги ҳақида давлат органларини хабардор қилишни мажбурий деб белгилайди);
✅ «Давлат фуқаролик хизмати ва муниципал хизмат тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддаси.
Журналистларнинг таъкидлашича,
хорижий фуқароликни яшириш эгаллаб турган лавозимдан озод этиш учун қонуний асос ҳисобланади.
Бироқ, кўринишидан, «суриштирув қаҳрамони» Жапаров учун муҳим шахс ҳисобланади. Айтиш жоизки, Туманбаев аввалги президентлар даврида ҳам ўз мавқеини сақлаб қолган. Хусусан, 2015 йилда у Алмазбек Атамбаев билан боғлиқ бўлган ва ҳатто давлат раҳбари партиясидан парламент сайловларида номзод сифатида қатнашган. 2020 йилги сайловларда эса ўша пайтдаги президент Сооронбой Жээнбековнинг сиёсий бирлашмасидан иштирок этган. Жапаров ҳокимиятга келгач, Туманбаев унинг жамоасидан ҳам ўрин олган.
Журналистларнинг таъкидлашича, янги раҳбар даврида мазкур идора оддий хўжалик тузилмасидан миллиардлаб сом айланмасига эга давлат корпорациясига айланган. Агар 2021 йилда бошқарув тасарруфидаги корхоналар қарийб 771 миллион сом (8,8 миллион доллар) даромад олган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 18 баравар ошиб, 14,1 миллиард сомга (161,7 миллион доллар) етган. Жорий йил якунларига кўра эса даромад 25 миллиард сомга (286 миллион доллар) етиши кутилмоқда.
Қирғизистон президенти ишлари бошқармаси маблағлардан фойдаланиш бўйича кенг ваколатларга эга бўлиб, очиқ тендерлар ва шунга ўхшаш бюджет тартиб-таомилларисиз маблағларни ишлатиш ҳуқуқига эга. Идора 30 дан ортиқ ташкилот фаолиятини назорат қилади: улар орасида ипотекали уй-жой қурилиши, ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш ва мамлакатдаги интернет-трафикни назорат қилиш каби йўналишлар бор. Шунингдек, Президент ишлари бошқармаси янги президент саройини қуриш, Қоракўл аэропортидаги учиш-қўниш йўлагини узайтириш, «Ала-Арча» миллий боғида туристик объектлар барпо этиш ва Бишкекда турар жой мажмуаларини қуриш лойиҳаларини амалга оширмоқда. Суриштирувчилар умумий қиймати 137 миллион доллардан ортиқ бўлган камида 11 та шундай лойиҳани аниқлаган.
Бу лойиҳаларнинг барчасини Россия фуқаролигига эга бўлган қирғизистонлик амалдор Туманбаев бошқаради.
ℹ️ Қанибек Туманбаев Жалолобод вилоятида туғилган. Меҳнат фаолиятини «Туман электр тармоқлари» компаниясида электрик сифатида бошлаган. Кейин Қозоғистон, Туркия ва Россияда ишлаган. Ватанига қайтгач, хусусий бизнес билан шуғулланган. У «БКС» қурилиш компанияси асосчиси ва раҳбари ҳисобланади. 2015 йилда республика парламенти депутати бўлишга ҳаракат қилган. 2022 йил май ойидан буён Қирғизистон президенти ишлари бошқарувчиси лавозимида ишлаб келмоқда.



